Маълум қилинишича, Мирзо Ботиров 9 сентябрь куни соат 23:00 да Сирдарё дарёси ўзанида ўтказилган тезкор рейд тадбири давомида электр қармоқ ёрдамида балиқ овлаётган ҳуқуқбузарларнинг қаршилигига учраган. Натижада инспектор сувга тушиб кетган.
Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилган қидирув ишлари натижасида бугун, 10 сентябрь куни Мирзо Ботировнинг жасади топилган.
Айни пайтда марҳумнинг оила аъзоларига зарур моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш, шунингдек, воқеанинг барча тафсилотларини ўрганиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Мирзо Ботиров умрини атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бағишлаган. Унинг табиатни асраш ва экологик қонунчилик талабларини таъминлаш йўлидаги фидокорона хизмати ҳамда кўрсатган жасорати муносиб баҳоланиб, у «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони билан вафотидан сўнг тақдирланади.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Мирзо Ботировнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этди.
Мирзо Ботировнинг хотираси қалбларимизда абадий сақланади.