Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси мазкур маълумотларга изоҳ берди.

Қайд этилишича, айни пайтда пойтахтда ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида қизамиқ билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор. Ижтимоий тармоқларда келтирилган рақамлар 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида қайд этилган жамланма кўрсаткичлар бўлиб, уларни қисқа вақт ичида аниқланган ёки айни кунлардаги ҳолат сифатида талқин қилиш тўғри эмас.

Таъкидланишича, қизамиқ билан касалланиш кўрсаткичи 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоизга камайган.

Маълум қилинишича, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Тошкент шаҳрида режали эмлаш доирасида бир ёшли 47 минг 494 нафар ва олти ёшли 42 минг 767 нафар бола қизамиқ, эпидемик паротит ва қизилчага қарши КҚП вакцинаси билан эмланган.

Қўмита аҳолини ижтимоий тармоқларда тарқалаётган маълумотларни тўғри талқин қилишга ва тасдиқланмаган хабарлардан хавотирга тушмасликка чақирди.