Қонунчилик палатасидаги навбатдаги мажлисда «Фармацевтика ходимлари кунини белгилаш муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, фармацевтика соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда. Айни пайтда юртимизда 50 мингдан ортиқ фармацевтика мутахассиси фаолият юритмоқда. Шунингдек, 504 та фармацевтика ишлаб чиқариш корхонаси, 478 та дистрибьютор ташкилот ва 14 мингдан ортиқ дорихона аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, амалдаги қонундаги «Тиббиёт ходимлари» деган сўзлар «Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари» деган сўзлар билан алмаштирилиши назарда тутилмоқда. Шунингдек, ноябрь ойининг иккинчи якшанбасини Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни этиб белгилаш таклиф қилинмоқда.
Ушбу ўзгартиришлар «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги ҳамда «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунларда қўлланиладиган тушунчалар билан уйғунликни таъминлашга қаратилган.
Қайд этилишича, қонуннинг қабул қилиниши фармацевтика ходимларининг жамиятдаги мавқеини ошириш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.