Ҳар хил сафарлар бўлади. Дунё кезиш, хизмат сафари, ижодий сафарлар, оддий сайру саёҳатлар... Ҳаммаси ҳам зарур, лекин бир сафар борки, мусулмон фарзанди эсини таниганданоқ унга боришни орзу қилади, маблағ йиғиб, тайёрланади...
Бу — муқаддас ҳаж сафари.
Бу зиёратни адо этиб келиш насиб этганлар ўзини ниҳоятда бахтиёр
сезади, тили шукрона айтишдан бўшамайди. Шу маънода, навбатдаги сафаримдан
ҳали-ҳануз ҳайратдаман. Насиб этганига шукр қиламан. Бир гуруҳ саодатмандлар
қаторида “Президент ҳожилари” сафига қўшилганимдан бошим осмонга етди! Бу ёлғиз
менинг эмас, ҳамсафарларимнинг ҳам сўзлари. Улар сафида Ватанимизнинг ҳамма
ҳудудидан келган, ҳалол меҳнати, турмуш тарзи, ахлоқ-одоби билан бошқаларга
ўрнак бўлган юртдошларимиз бор эди.
Ҳа, бу жуда қутлуғ сафар бўлди! Ташаббус Ўзбекистон Республикаси
Президентига тегишлидир. Бу қуруқ сўз эмас, дўстлар, элга, халққа хизмат қилиш,
юртни ўйлаш, инсонларни руҳлантиришнинг юксак намунаси деган бўлардим. Бунинг
устига, қутлуғ сафаримиз Қурбон ҳайити муносабати билан хайрия сифатида
давлатимиз раҳбари ҳисобидан қопланганини эшитгач, Президентимизга ҳурматимиз
янада ошиб кетди!
Одами эрсанг, демагил одами,
Ониким йўқ, халқ ғамидин
ғами,
деб ёзган эди Ҳазрат Алишер Навоий. Ўз вақтида буюк бобомиз ҳам Ҳирот
халқининг бир йиллик хирожини тўлаб, халқнинг дуосини олган экан.
Ривоятлар диёри
Сафарга кузатиш жараёни байрамга айланиб кетди. “Президент
ҳожилари”нинг кайфияти аъло эди. Самолётга ўтирар эканман, яна Алишер Навоийни
эсладим. Улуғ шоир ҳаж сафарига икки-уч бор тараддуд кўрган, лекин мамлакатдаги
нотинч шароит унга имкон бермаган. Камина улуғ шоиримизга бағишланган “Мангу
қуёш” тарихий романимда шу ҳақда мулоҳаза юритган эдим. Мавзуга тегишли бўлгани
сабабли романдан кичик парча келтиришга журъат этдим:
“...Ёшлик замонларидан бошлаб Навоий кўнглида ислом ҳажини адо этиш
нияти, хайр ул-аном алайҳис салавоту васалламнинг муборак равзаларини зиёрат
қилиш орзуси оромини ўғирларди. Ҳайҳот, Ё Раб, Ясрибу Батҳога бормак қачон
насиб айлар экан, қачон Маккаи мукаррамага борғаймен, Масжид ул-ҳарамда ибодат
қилғаймен, Замзам булоғи бўйида дил-дилимдан тарона куйлағаймен, кўз ёшларимдан
ул булоқни денгизга айлантирғаймен, қачон Мадинаи мунавварада бўлғаймен,
Расулуллоҳ равзаларини зиёрат этғаймен деб хаёлларга эрк берарди...”.
Бундай орзулар жуда кўп боболаримизнинг кўнглини нурлантирганига шубҳа
йўқ.
...2026 йил 18 май куни Ҳижоз ғарбида жойлашган Мадинаи мунавварага
етиб бордик. Расмий номи Ал-Мадина ал-Мунаввара. Шаҳар ислом маданияти ва
цивилизацияси бешиги. Бир ярим миллионга яқин одам муқим яшайди.
Биз шаҳар марказидаги “Мармара” меҳмонхонасига жойлашдик. У Масжид
ун-набавий (пайғамбар масжиди)га яқин. Ҳаж амалларини осон ва қулай бажаришимиз
учун барча шароит муҳайё қилинган эди. Эркакларга алоҳида, аёлларга эса
адрасдан алоҳида либослар тикилган. Махсус ишчи гуруҳ вакиллари доим ёнимизда
бўлди, ҳолимиздан хабар олиб турди. Шифокорлар, ошпазлар, элликбошилар хизмати
ҳам мақтовга муносиб.
Мадина шаҳрининг аввалги номи Ясриб бўлган. Пайғамбаримиз уни “Мадина”
деб атадилар. Милодий 622 йили Муҳаммад алайҳиссалом Ясрибга ҳижрат қилганлар.
Келгач, шаҳарда бир уй қурдилар, унинг ёнида масжид тикладилар. “Ясриб” номи
Қуръони каримнинг “Ал-Аҳзоб” сурасида келтирилган. Ўша масжид бугун минг-минг
одамни сиғдира оладиган Масжид ун-набавийдир.
Ибодатларни Масжид ун-набавийда ва пайғамбаримиз равзаларида адо
этдик. Масжиднинг ичи ниҳоятда катта ва кенглигини кўриб, ёқа ушладим. Шунчалар
маҳобатли, назаримда, бутун олам масжидга айланган эди.
Пайғамбаримиз Маккаи мукаррамадан Мадинага ҳижрат қилиб йўлга
чиққанларида ул зот минган туя бир ерда чўкади. Расулуллоҳ “Туя маъмурдир”, дея
қай ерда тўхташни туянинг ўзига қўйганлар. Худди шу ерда ислом оламида биринчи
масжид саналган Қубо масжиди бунёд этилган. Пайғамбаримиз шанба кунлари
масжидга гоҳ пиёда, гоҳ уловда келиб, икки ракат намоз ўқир эканлар.
Мадина шаҳри атрофидаги муқаддас жойларга ҳам бордик. Муҳим жанг
бўлган Уҳуд тоғи, у ердаги қабристонни зиёрат қилдик. Пайғамбаримизнинг “Бу
Уҳуддир. У бизни яхши кўрадиган, биз ҳам уни яхши кўрадиган тоғдир” деган
сўзлари машҳур. Яна, Мадинанинг хурмозорлари жуда ажойиб, серфайз.
Маккаи мукаррамада
Ислом оламининг маркази — Макка шаҳри кўз олдимизда намоён бўлди.
Узоқда Масжид ул-ҳарам ёнидаги минорали соат кўзга чалинди. Автобусимиз етиб
келганда вақт пешиндан оғган эди.
Бизни меҳмонхона олдида муфтий, шайх Нуриддин Холиқназар бошлиқ бир
гуруҳ ватандошлар кутиб олди. Ҳамма хурсанд, шукрона туйғуси кўнгилларни
чулғаган.
Меҳмонхона ҳашаматли, ҳар хонаси икки кишига мўлжалланган. Биз —
ҳамроҳим, таниқли ёзувчи Комил Синдоров билан учинчи қаватдаги бир хонага
жойлашдик.
Кечки таомдан сўнг барча жамулжам Каъба зиёратига жўнадик.
Байтуллоҳгача бир оз масофа бор. Унинг атрофида одам ниҳоятда кўп. Игна
ташланса, ерга тушмайди. Ҳамма Каъбани тавоф этишга талпинади...
Биз муҳташам Каъба атрофида етти марта айландик. Машҳур ҳажар ул-асвад
— қоратошни кўрдик. Сафо ва Марво тоғлари орасида етти марта бориб келдик.
Машҳур манзиллар — Мино водийси, Одам Ато билан Момо Ҳаво учрашган Арафот тоғи
ва Муздалифада бўлиб, ибодат қилдик.
Кўнглимиз нурафшон эди. Муқаддас ҳаж сафарини муносиб адо этдик. Бир
олам таассуротга эга бўлдик. Айни пайтда “Президент ҳожиси” масъулияти
зиммамизга юкланганини барчамиз юракдан ҳис этардик. Юртдошларимиз, айниқса,
ёшлар орасида эзгулик, меҳр-оқибат, шукроналик ғояларини ёйиш, халқимиз
тинчлиги, юртимиз фаровонлиги, давлатимиз раҳбарининг элга меҳр-эътибори
борасида учрашувлар ўтказишни мақсад қилдик.
Хушхабар
Ҳаж амалларини бажариш жараёни охирига етаётган паллалар юртимиздан
хушхабар келди. Президентимиз фармонига мувофиқ, кўплаб санъаткорлар, шоирлар,
маданият арбоблари давлатимизнинг юксак мукофотларига лойиқ кўрилибди. Биз
дарҳол мукофот соҳибларини табриклашга шошилдик. Ҳа, меҳнат қилган қадр топади.
Фармонда шоир ва ёзувчиларга ҳар йили 50 та асар учун ижодий буюртма
бериш, ўзбек адабиётининг энг яхши 10 та асарини хорижий тилларга таржима қилиш
ва муаллифлар иштирокида чет элларда тақдимотлар ўтказиш, Ёзувчилар уюшмаси
тавсиясига кўра китобларни нашр этишда қоғоз билан боғлиқ харажатларни давлат
томонидан қоплаш кўрсатиб ўтилган.
Бу — биз, ижодкорлар учун жуда катта имконият! Демак, янги китоблар
ёзилади, ўқувчилар сафи кенгаяди, адабиёт бойийди. Ижодий буюртма — ҳозир энг
адолатли йўл. Бунинг натижасида ёзувчининг халқ, ўқувчилари ва ўзи олдида
масъулияти ортади.
Ўзбек адабиётининг энг яхши 10 та асарини хорижий тилларга таржима қилиш
ва муаллиф иштирокида чет элларда тақдимотини ўтказиш ёзувчиларимизнинг азалдан
ширин орзуси эди. Бу — янги Ўзбекистон адабиётини дунёга олиб чиқишда катта
имконият.
Фармонда соҳа вакилларини қийнаб турган ҳамма муаммолар ечими аниқ
белгилаб қўйилган. Энди, биз — ёзувчиларга фақат бир иш қолди: ёзиш, ёзиш,
ёзиш...
Янги Ўзбекистон дунёга чиқмоқда. Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш
сари дадил қадам қўйилмоқда. Саноат ривожланмоқда, юрт обод бўлмоқда. Гоҳ у
шаҳар ёки вилоятда халқаро форумлар бўлиб турибди. Кўп мамлакатларда иқтисодий
тарангликлар юз бераётганда юртимизга инвестиция оқиб келмоқда. Куни кеча
Тошкентда ўтказилган иқтисодий форумда ҳам турли давлатлардан 4000 дан ортиқ
инвестор иштирок этди. Ҳали эшик қоқиб турганлари қанча...
Бундай ишлар мард ва матонатли халқимизнинг қаддини кўтармоқда,
ҳаётга, Президентимизга ҳамда ўзига ишончини орттирмоқда.
Давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик
кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорда “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт
ва келажак яратамиз!” деган бош ғоя танланди.
Бу шу она тупроқнинг фарзандлари, фидойилари бўлган буюк аждодлар
орзулари, Амир Темур, Алишер Навоий, жадид боболаримиз ният қилган, интилган,
курашган, жонфидо этган олийшон мақсадлар эди. Не тонгки, бу ғоя бугун
Президентимиз бошчилигида Ўзбекистоннинг шиорига айланди, жаҳонга айтилган сўзи
бўлиб жаранглади!
Муҳаммад АЛИ,
Ўзбекистон халқ
ёзувчиси