Белград шаҳридаги Никола Тесла номидаги халқаро аэропортда олий мартабали меҳмонларни Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич ва рафиқаси кузатиб қўйди.
Президентимизнинг Сербияга илк расмий ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида янги босқични бошлаб берди. Музокаралар якунлари бўйича давлат раҳбарлари Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар. Бундан ташқари, устувор йўналишларда эришилган келишувларни мустаҳкамлаган салмоқли ҳужжатлар тўплами алмашилди.
Мамлакатимиз етакчисига Сербиянинг олий давлат мукофоти – Катта занжирли Сербия Республикаси орденини тантанали равишда топшириш маросими бўлиб ўтди.
Шунингдек, Белград кўчаларидан бирига “Тошкент” номи берилди.
Ишбилармонлик дастури доирасида икки давлат раҳбарлари қўшма бизнес форумида иштирок этдилар.
Расмий ташриф якунлангач, Ўзбекистон Президенти Тошкентга жўнаб кетди.
Сербия ҳаво ҳудудида олий мартабали меҳмоннинг самолётига ушбу мамлакат Ҳарбий ҳаво кучларининг қирувчи учоқлари ҳамроҳлик қилди.