Инсон умр саҳифаларини варақлар экан, шубҳасиз, ўзига “Мен бу дунёга нима учун келдим?”, “Нималар қилдиму, нималар қила олмадим?”, “Ортимда кимлар, нималар қоляпти?” деган саволларни бериши табиий. Зеро, соғлом фикрли, инсофли, оқил одам ҳақни ботилдан, тўғрини янглишдан, фойдани зарардан ажратиши зарур. Кейинги дунёсининг ҳам гўзал бўлмоғи учун вақт деб аталмиш фурсатдан жуда унумли фойдаланмоғи лозим.

Шу фикрлар хаёлимдан ўтяптию, Аллоҳ менга умрим давомида ҳамнафас, ҳамроҳ қилган инсонларни ўйлаяпман, улар ҳақидаги ширин хотираларим эсга тушмоқда. Ҳа, яратган Эгам менга ҳар доим ақлли, билимли, суюкли инсонларни рўбарў қилди. Улар жуда кўп. Ана шундайлардан бири меҳрибон ва садоқатли инсон Азиз ака Тўраевдир.

Азиз ака билан танишувим 1988 йилнинг октябрь ойида, пахта мавсуми авж олган кунларнинг бирида бўлган. Ўшанда домла эндигина институтга ректор лавозимига муқобиллик асосида сайланган бўлиб, янги иш фаолиятининг биринчи кунларини ўша даврнинг мафкуравий “қуроли”га айланган пахта йиғим-терими билан бошлаган эди.

Домла институтда 24 йил давомида муттасил ишлади. Унинг иш фаолиятини бир неча йўналишларга бўлиш мумкин. Аввало, домла катта ҳаёт тажрибасига эга, кадрлар билан ишлашнинг энг нозик жиҳатларигача билган, мавжуд ҳолатдан тўғри, бехато хулоса чиқара оладиган раҳбар. Буни унинг узоқ йиллар давомида мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларида турли лавозимларда ҳалол-пок, миллат манфаатини ўйлаган ҳолда қилган ишларию, унга гувоҳ кишилар тасдиқлаши мумкин.

Иш фаолиятини узоқ чўл ҳудудларда бошлаган Азиз ака қайси лавозимда меҳнат қилмасин, яхши одамлар орасида бўлди, улардан ўрганди. Қарийб чорак асрлик умрини Тошкент давлат маданият институти ривожи йўлига сарфлади. Домла менга Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги совхозлардан бирида ўша давр¬да раҳбар бўлган, Ўзбекистон тарихида ўзига хос ўрин эгаллаган Усмон Юсупов ўзининг шахс, раҳбар ¬сифатида ¬шаклланишида қандай роль ўйнагани ҳақида кўп маротаба гапириб берган.

Институтда ишлаш давомида домла бир неча тамойилларга қатъий амал қилган. Айниқса, адолат, ҳақиқат, инсоф Азиз ака ҳаётидаги энг устувор тамойиллар ҳисобланади.

Дастлабки кунларданоқ домла ўша пайтларда институтда муайян даражада мавжуд бўлган адолатсизликларнинг пайини қирқишга ҳаракат қилди. Адолат тамойили асосидаги ишларни эса бировларга озор бериш, кимларнидир норози қилиш эвазига эмас, аксинча, эзгулик, кишиларга меҳр кўрсатиш каби ўзбекона урф-одатларимизга амал қилган ҳолда бажарди.

Азиз аканинг институтга узоқ йиллар давомида раҳбарлик қилиши ва шунча давр мобайнида профессор-ўқитувчилар ҳурматига сазовор бўлиши сабаби нимада деб сўралса, мен бу саволга буюк аждодимиз Маҳмуд аз-Замахшарийнинг қуйидаги сўзлари билан жавоб берган бўлардим: “Эзгулик, хайрли ишларга астойдил кириш, уларни пайсалга солма, кейин қиларман деган ўйлардан воз кеч, шайтон йўлдан урадиган шошма-шошарлик билан эмас, тафаккур ва идрок билан иш тут”.

Дарҳақиқат, домла ишни институтда ижтимоий адолат ўрнатишдан бошлади. Мен ўша даврларни яхши эслайман. Институтда турли амалларга даъвогар, сохта лидерликни ўз қўлларига олишга интилган гуруҳлар бор эди. Шубҳасиз, таълим муассасасида адолат чироғини ёқишни ўз олдига мақсад қилиб келган устознинг бу ҳаракатлари ўша гуруҳлар аъзоларига маъқул бўлмаган. Қисқа вақт ичида Азиз аканинг феномени кўринди. Турли гуруҳ аъзолари ўзлари билмаган ҳолда домланинг саъй-ҳаракатларига қўшилди, қўллаб-қувватлади. Бунинг сабаби эса, шубҳасиз, домланинг кадр масаласида узоқ йиллар давомида тўплаган тажрибаси, бу борадаги билимини муттасил ошириб боргани эди.

1994 йил январь ойида Азиз ака ташаб¬буси билан мен институтнинг тарбиявий ва илмий ишлар бўйича проректори лавозимига тайинландим. Устоз феномени билан бевосита танишувим айнан шу кунлардан бошлаб янада кучайди. Ўша пайт¬ларда институтда 5 мингга яқин талаба таҳсил олар, уларга 400 дан зиёд профессор-ўқитувчи дарс берар эди.

Албатта, бундай катта жамоани бош¬қаришнинг ўзи бўлмайди. Қолаверса, институт профессор-ўқитувчиларининг аксарияти маданият ва санъат ходимлари бўлгани боис, уларнинг кўнглига йўл топиш, баъзан ҳаддан ортиқ “қайсар” ходимларни ягона мақсад йўлида бирлаштиришнинг ўзи улкан раҳбарлик маҳоратини талаб қиларди. Домла бунинг уддасидан  моҳирона чиқди.

Азиз ака менга устозларидан, хусусан, Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги биринчи раҳбари Шароф Рашидовдан олган ўгитлари ҳақида кўп сўзлаб берган. Устоз ¬Гулистон шаҳри партия ташкилоти биринчи котиби лавозимида ишлаётган пайт¬да республиканинг биринчи раҳбари уни ҳузурига чорлаб, Ўзкомпартия Марказий Қўмитасининг маданият бўлимини бош¬қаришни таклиф этади.

Домла эса маданият ва санъат ходими эмаслиги, таклиф этилаётган соҳа ўта мураккаблиги, уни бошқаришда қийналиб қолиши мумкинлигини айтади. Раҳбар эса маданият ва санъат соҳаси ҳақиқатан жуда оғир жабҳа экани, ҳар бир шоир, ёзувчи, театр актёри, мусиқа арбоби, хуллас, барча зиёлиларнинг бошини бир жойга жамлаш раҳбардан катта масъулият талаб қилишини таъкидлайди. Айни пайтда Азиз акага “Сизнинг маданият бўлими бошлиғи сифатидаги вазифангиз барча ижодкорларнинг сўзига қулоқ тутиш, уларнинг дардини эшитиш, ижоди учун зарур шарт-шароит яратиб бериш ҳамда уларнинг пешонасини силаб туришдан иборат”, дейди.

Домла хизмат лавозимини бажариш жараёнида юзлаб маданият ва санъат вакиллари, халқимизнинг севимли ижодкорлари билан учрашишига, суҳбатлашишига тўғри келган. Уларнинг деярли барчаси Азиз ака ўз даврида ҳақиқатан ижодкорларининг маънавий ҳомийси бўлганини тан олган.

Ана шу фазилатлари туфайли домла узоқ вақт институтдаги раҳбарлиги даврида ўзига юкланган мураккаб ишни аъло даражада адо этди. Натижада ҳам институт жамоаси, ҳам раҳбарият ҳурматига сазовор бўлди.

Шу ўринда устознинг яна бир сифати ҳақида алоҳида тўхталишни истардим. Домла ҳар доим кадрлар захирасини тўлдириб боришга, ёш ходимларни, уларнинг билим савияси, ташкилотчилик қобилиятларини ўрганишга эътибор қаратган. Шу туфайли институтда кадр масаласида деярли муаммо бўлмас, аксинча, респуб¬ликанинг кўплаб маданият ва санъат муас¬сасаларига бизнинг таълим даргоҳимиз юксак салоҳиятли мутахассис, раҳбарлар тайёрлаб берар эди.

Азиз ака феноменининг навбатдаги жиҳатини мен унинг маданият ва санъат жабҳасини илмий жиҳатдан тадқиқ этиш, умуман, илмий тадқиқот соҳасини ривожлантиришга қаратилган эътиборида кўраман. Домла раҳбарлик қилган даврда биринчи маротаба маданий-маърифий ишлар назарияси ва услуби, кутубхонашунослик ва библиографияшунослик ихтисосликлари бўйича ихтисослаштирилган кенгаш очилди, қатор ёш олимлар етишиб чиқди. Мирзачўлни ўзлаштиришда ёшларнинг иштироки масалаларини чуқур таҳлил қилган устоз сўнгги йилларда маданият ва санъат тарихи ва назариясини ҳар томонлама ўрганишга киришди, бу жараёнга ёш тадқиқотчиларни кенгроқ жалб эта бошлади.

Ўша пайтларда домла республикада биринчилардан бўлиб олий таълим муассасаларининг халқаро ҳамкорлигини йўлга қўйишга ҳаракат қилди. Жумладан, Россия Федерациясининг Қозон давлат маданият ва санъат университети ҳамда Челябинск маданият ва санъат академияси билан бизнинг институт ўртасида тузилган ўзаро ҳамкорлик жуда самарали бўлди. Ҳамкорликда ўнлаб илмий тадқиқот ишлари бажарилди, китоблар нашр этилди, талабалар айирбошлови йўлга қўйилди. Мазкур ҳамкорлик бугунги кунда ҳам давом этиб келяпти.

Шу ўринда яна бир воқеа ёдимга тушди. Ўша йиллари давлатлар ўртасидаги келишувга биноан Иорданиянинг 2 фуқароси институтимиз аспирантурасига ўқишга қабул қилинган эди. Бироқ айрим субъектив сабабларга кўра, ўша аспирантларга диссертация ишларини ўз вақтида якунлаш ва ҳимоя қилиш имконияти чекланади.

1995 йилнинг ёз ойлари эди, домла етук олимлар Эргаш Йўлдошев, Каримжон Расулов ва мени чақириб, масалани ўз вақтида ҳал этиш лозимлигини, бу нарса ҳар икки давлат манфаатларига мос келишини айтди. Кўрилган чоралар туфайли хорижлик аспирантлар ўз вақтида номзодлик диссертацияларини ёқлаб, дипломларини олиб, ўз юртларига кетди.

 Азиз ака феноменининг ўзига хос жиҳатларидан яна бири институтда ходимлар қўнимига эътибор беришида эди. Гап шундаки, бугун айримлар жамоани ёшартириш баҳонасида кўплаб етук, маҳоратли, тажрибали мутахассисларни “кўчага чиқариб” қўймоқда. Бу борада домланинг ўзига хос формуласи бор эди.

 Устоз ёшларга диққат қаратган ҳолда жамоанинг асосий юкини кўтарадиган ўрта авлод ва ёшларни тарбиялашда бош бўладиган кекса авлодни ҳам ҳеч қачон эсдан чиқармаслик лозимлигини таъкидларди.

Маданият ва санъатни ривожлантиришда шахсий ўрнакнинг ўрни катта. Шунинг учун домла республиканинг кўзга кўринган олим ва мутахассисларини инс¬титут ўқув жараёнига ҳеч иккиланмасдан таклиф этар, тажрибасидан бажонидил фойдаланарди. Ўзбекистон халқ артистлари Хайрулла Лутфуллаев, Олмахон Ҳайитова каби устоз санъаткорларни шахсан домланинг ўзи институтга таклиф этган. Пировард натижада улар маҳоратли педагог даражасига эришди, профессорлик илмий унвонларига эга бўлди.

Устознинг том маънодаги фаолияти мус¬тақиллик йилларида янада самарали кечди. 2017 йилда “Дўстлик” ордени билан мукофотланди, шунингдек, 2002 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, 2023 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонларига  сазовор бўлди. Азиз ака бугунги кунда “Меҳр ва мурувват” жамоат фонди раҳбари сифатида самарали меҳнат қилмоқда.

Азиз Тўраев бугун ўзининг муборак 90 йиллик тўйини нишонламоқда. Устознинг бахти шундаки, у ҳамиша ўз ишига фидойи бўлди, ҳалол-пок яшади. Инсон учун бундан улуғроқ бахт бўлмаса керак.

 Абдухалил МАВРУЛОВ,

тарих фанлари доктори, профессор