Вазирлар Маҳкамасининг 4 сентябрдаги 466-сон қарори билан лицензиялаш соҳасида жамоатчилик назорати самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
Қарор билан қоидабузарликлар тўғрисида ваколатли органларга хабар берган жисмоний ва юридик шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.
Унга кўра, фуқаролар ва юридик шахслар лицензиялаш, рухсатномалар ҳамда хабарномалар бериш тартиби бузилгани ҳақида ваколатли органларнинг махсус электрон тизими ёки Адлия вазирлигининг мобил иловаси орқали хабар бериши мумкин.
Тақдим этилган хабар ваколатли орган томонидан 10 иш куни ичида кўриб чиқилади.
Агар хабардаги маълумотлар тасдиқланса ва айбдор шахсга ваколатли орган ёки суд қарори асосида жарима солинса, хабар берган шахсга жариманинг 10 фоизи миқдорида бир марталик пул мукофоти тўланади.
Мазкур қарор 2026 йил 8 декабрдан кучга киради.