Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси хабарига кўра, дастлабки эпидемиологик суриштирув жараёнида мурожаат қилган фуқаролар Учкўприк тумани Наврўзшоҳ кўчасида жойлашган фаст-фуд маҳсулотлари тайёрлайдиган шохобчалардан бирида хот-дог ва нон-бургер каби маҳсулотларни истеъмол қилгани аниқланган.
Шифокорлар томонидан беморларда овқатдан заҳарланиш ҳолати гумон қилинган.
2026 йил 18 сентябрь соат 17:00 ҳолатига кўра, жами 37 нафар фуқаро тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Уларнинг 31 нафари шифохонага ётқизилган.
Айни вақтда беморларга малакали мутахассислар томонидан тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ҳолат юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда. Гумон қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда беморлардан текширув ўтказиш учун тегишли намуналар олинган. Улар тегишли лабораторияларда текширилмоқда.
Тадбиркорлик субъектининг фаолияти қонунчиликда белгиланган тартибда вақтинча тўхтатилган.
Ҳолат бўйича қўшимча ахборот тақдим этилади.