Давлатимиз раҳбари асосий масалага ўтишдан аввал ўтган ҳафта юксак савияда ўтказилган бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми якунларига тўхталди. Форум доирасида хорижий ҳамкорлар билан 43 миллиард долларлик 177 та келишувга эришилгани таъкидланди.

– Ҳар бир келишув лойиҳага, иш ўрнига, юқори қўшилган қийматга айланиши шарт, – деди Президентимиз.

Мутасаддиларга хорижий инвесторлар томонидан билдирилган 120 та таклифнинг ечими бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди. Умуман, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар инвестиция сифати ва самарадорлиги бўйича ёндашувларини ўзгартириши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Сўнгги беш йилда юртимизга киритилган жами инвестициянинг ярми 4 та ҳудуд ҳиссасига тўғри келган. Лекин жалб қилинган сармоянинг иқтисодиётга қайтими бўйича ҳудудлар ўртасида катта тафовут бор. Шу боис, ҳокимлар қайси туманда қайси тармоқни қандай ривожлантириш, қайси лойиҳага инвестиция олиб келинса, энг юқори самарадорликка эришиш мумкинлигини аниқ ҳисоб-китоб қилиши кераклиги қайд этилди.

Бунинг учун иқтисодиётдаги 12 та тармоққа 14 та “ақл маркази”, 37 та соҳавий илмий институт ва олийгоҳлар номма-ном бириктирилди. Барча тармоқ раҳбарларига “ақл марказлари”, соҳавий илмий институт ва олийгоҳлар билан ҳар бир туман имкониятини ўрганиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ўсишига катта туртки берадиган лойиҳалар тўпламини тайёрлаш топширилди.

Президентимиз қурилиш материаллари соҳасини қурувчининг ишончини қозонадиган, сифат, стандарт, ассортимент ва нарх бўйича комплекс ечим таклиф қиладиган тармоққа айлантириш лозимлигини таъкидлади.

Бундан 10 йил олдин маҳаллий қурилиш материаллари деганда асосан қум-шағал, ғишт, цемент, ойна ва шифер тушунилар, бу эса қурилишда ишлатиладиган жами материалларнинг нари борса 30-40 фоизини ташкил этар эди. Сўнгги ўн йилда соҳага 12 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 4 мингдан ортиқ замонавий корхона ишга туширилди.

Натижада цемент, ойна, базальт, керамик буюмлар, газоблок, қуруқ қоришмалар каби асосий турдаги 20 дан ортиқ маҳсулотларга бўлган ички талабни тўлиқ қоплайдиган қувватлар яратилди. Иссиқлик сақловчи, композит материаллар, экологик пардозлаш материаллари ва пол қопламалари каби юқори қўшилган қийматли янги йўналишлар жадал ривожланмоқда.

Бугунги кунда янги уй-жойлар ва саноат бинолари қурилиши учун зарур материалларнинг 98 фоизини мамлакатимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Натижада ўтган даврда соҳада ишлаб чиқариш ҳажми 7 триллион сўмдан 53 триллион сўмга ошди, экспорт эса ўтган йили 1,2 миллиард долларни ташкил этди. Энг муҳими, тармоқ импорт ўрнини босишнинг муҳим босқичидан ўтди.

Йил бошида аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича катта дастур қабул қилинган эди. Унга кўра, 2040 йилга қадар қуриладиган уй-жойлар сонини 2 карра ошириб, йилига 280 мингтага етказиш, “Янги Ўзбекистон” массивларини 61 тадан 120 тага кўпайтириш режа қилинган.

Бундан ташқари, ҳар йили 20-25 миллион квадрат метр тижорат бинолари фойдаланишга топширилмоқда. Уй-жой ва тижорат биноларининг ўзи йилига камида 10 миллиард долларлик қурилиш материалларига талаб яратмоқда.

Тошкент халқаро инвестиция форумида хорижий ҳамкорларга яна 27 миллиард долларлик инфратузилма лойиҳалари таклиф қилинди. Жиззахда атом электр станцияси, Тошкент вилоятида 4-мис бойитиш фабрикаси, Ўрта Чирчиқда 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга Янги Тошкент аэропорти, Янги Тошкентда 55 минг ўринли футбол стадиони, 282 километрли Тошкент – Самарқанд автомобиль йўли каби йирик лойиҳаларда ҳам, биринчи навбатда, қурилиш материаллари зарур бўлади.

Бундай йирик лойиҳаларда фойдаланиладиган материалларга стандарт, сифат ва сертификат бўйича юқори талаблар қўйилиши табиий. Шу боис, йирик лойиҳаларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан боғлайдиган янги тизим яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Йирик ва мегалойиҳаларга сармоя киритаётган инвесторлар импорт материалларни олиб келишда қўшилган қиймат солиғидан озод қилишни сўрамоқда. Шу билан бирга, бундай лойиҳаларга ўз маҳсулотини таклиф қилиш истагида бўлган маҳаллий корхоналар ҳам кўп. Улар қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз маҳаллий маҳсулотларга ҳам қўлланса, сифат ва стандарт бўйича рақобатга тайёр эканини билдирмоқда.

Мутасаддиларга йирик ва мегалойиҳаларга импорт ва маҳаллий маҳсулотларни етказиб беришда тенг шароитни таъминлаш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Йиғилишда ҳудудларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қабул қилинган икки йиллик дастур ижросига ҳам эътибор қаратилди. Дастур доирасида 34 та йирик туризм объекти, 1 мингдан ортиқ жойлаштириш воситаси, жумладан, 200 та меҳмонхона қуриш режа қилинган.

Ҳокимлар ҳудудларида барпо этилаётган меҳмонхоналарда маҳаллий материаллар улушини камида 95 фоизга етказиши зарурлиги қайд этилди.

Мамлакатимизда ҳар йили ўртача 65 минг якка тартибдаги уй-жой қурилмоқда, яна 200-250 минг хонадон таъмирланмоқда.

– Очиқ айтиш керак, ҳали кўпчилик энергия тежамкор материалларнинг афзалликлари ҳақида етарлича хабардор эмас, – деди Президентимиз.

Хонадонларни иситишнинг ўзига иқтисодиётдаги жами газ истеъмолининг 20 фоизи, электр энергиясининг эса 11 фоизи сарфланмоқда. Агар уйнинг фасад ва том қисми иссиқлик сақловчи материал билан қопланса, энергия тежамкор ойна қўйилса, энергия сарфи 30 фоизгача камаяди.

Бу борада Франция ва Буюк Британия компаниялари ишлаб чиққан янги лойиҳалаш ёндашуви асосида Қамаши туманида 4 минг хонадонли “Янги Ўзбекистон” массиви қурилмоқда. Мазкур лойиҳада тўлиқ энергия тежамкор маҳаллий маҳсулотлар ишлатилиб, таннарх 20 фоизга арзон тушади, уйни иситиш ва совитиш харажатлари 25-30 фоизга қисқаради.

Вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимларига Қамаши тажрибаси асосидаги янги лойиҳалаш ёндашувини ўрганиш топширилди. Жорий йилда Янги Ўзбекистон қиёфаси олиб кириладиган 33 та туман ва шаҳарда кўп қаватли уй-жойлар қурилиши фақат шундай ёндашув асосида амалга оширилиши белгиланди.

Экспорт масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Қўшни давлатлар йилига 13 миллиард долларлик қурилиш материалларини импорт қилмоқда. Марказий Осиё давлатларининг ўзига экспортни қўшимча 440 миллион долларга ошириш имконияти борлиги таъкидланди.

– Бир нарсани билинглар: ташқи бозорларда кучли рақобат, ҳар бир доллар учун кураш кетаётган ҳозирги шароитда экспортни кўпайтириш учун ноанъанавий ечимлар керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Озарбайжон, Грузия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатларда уй-жой ва тижорат объектлари қуриш бўйича катта дастурлар амалга оширилмоқда. Агар Ўзбекистон уй-жой қуриш бўйича ушбу давлатларнинг ишончли ҳамкорига айланса, бу электроника, уй текстили ва мебель корхоналари учун ҳам янги экспорт имкониятларини очади. Шу боис, масъулларга Боку, Тбилиси, Москва, Остона ва Бишкекда 3-4 тадан намунавий, энергия тежамкор уй моделини қуриб, road-show ўтказиш топширилди.

Соҳада энергия самарадорлигини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Сўнгги ўн йилда қурилиш материаллари корхоналари фойдаланадиган шартли ёқилғи ҳажми 2 карра камайди. Тармоқдаги электр истеъмолининг 65 фоизи тўғри келадиган 34 та йирик корхонада энергия аудити ўтказилгани ҳисобидан ўтган йилнинг ўзида 240 миллион киловатт-соат электр энергияси тежалди.

Лекин бу ҳали етарли эмаслиги қайд этилди. Вилоят ҳокимларига қурилиш материаллари корхоналарини технологик модернизация қилиш орқали энергия сарфини камайтириш бўйича катта дастурни бошлаш топширилди. Бунда иситиш ва қуритиш печлари, тегирмонлар ва энергия сарфи юқори бошқа ускуналарни энергия тежамкорларига алмаштирган корхоналарга сўмдаги кредитининг 7 фоизи, хорижий валютадаги кредитининг 4 фоизи компенсация қилиб берилади.

Мамлакатимизда цемент, базальт, ойна, керамик плита каби маҳсулотлар бўйича яратилган қувватлар 2035 йилгача бўлган эҳтиёжларни қоплашга етарли. Энди инвесторларни бундай маҳсулотларни кўпайтиришга эмас, мавжуд қувватларни модернизация қилиб, юқори қўшилган қиймат берадиган лойиҳаларга жалб қилиш кераклиги таъкидланди.

Қурилиш материаллари корхоналарига сертификат олиш билан боғлиқ барча харажатни тўлиқ қоплаб берувчи тизим мавжуд. Бу каби имконият бошқа бирорта тармоқда йўқ. Лекин бундай сертификатларнинг ягона маълумотлар базаси бўлмагани учун харидорлар кўпроқ ўзи билган, халқаро сертификатга эга чет эл товарларини танламоқда.

Мутасаддиларга маҳаллий ва хорижий сертификати бор қурилиш материалларининг электрон платформасини ишга тушириш, вилоят ҳокимлари билан бирга шу йилнинг ўзида яна камида 50 та қурилиш материаллари корхонасига халқаро сифат сертификати олишда кўмаклашиш топширилди.

Йиғилиш давомида мутасаддиларнинг ҳисоботлари, қурилиш материаллари корхоналари вакилларининг таклиф ва ташаббуслари тингланди.