Ташрифда Фанлар академияси президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони, физика-математика фанлари доктори, профессор, академик Шавкат Аюпов, Фанлар академияси вице-президенти — бош илмий котиб Шамансур Саъдуллаев, В.И. Романовский номидаги Математика институти директор ўринбосари, академик Ўткир Розиқов ва бошқа академиклар иштирок этди.

Меҳмонларга Бухоро давлат университетида амалга оширилаётган ислоҳотлар, таълим ва илмий-тадқиқот жараёнлари, илмий-инновацион лойиҳалар ҳамда янги барпо этилаётган замонавий кампус ҳақида маълумот берилди. Академиклар талабалар ва ёш олимларнинг илмий-ижодий ишлари ҳамда инновацион лойиҳалари билан ҳам танишди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси В.И. Романовский номидаги Математика институтининг Бухоро бўлинмаси фаолияти ҳам ўрганилди.

Бўлинма раҳбари Дурдимурод Дурдиев фундаментал ва амалий тадқиқотлар, илмий йўналишлар ҳамда ёш тадқиқотчиларнинг изланишлари ҳақида маълумот берди.

Мулоқотда бўлинманинг илмий салоҳиятини ошириш, илмий мактабларни ривожлантириш, ёш математикларни фундаментал тадқиқотларга жалб этиш ва академик илм-фан билан университет тадқиқотлари интеграциясини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Қўшма илмий тадқиқотларни кенгайтириш ва ёш олимларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам фикр алмашилди.

Шунингдек, замонавий иқтисодиёт, меҳнат бозори ва сунъий интеллект масалаларига бағишланган илмий нашрлар тақдимоти ўтказилди.

Жумладан, академик К.Х. Абдураҳмоновнинг “Labor Economics in the Era of Artificial Intelligence” номли инглиз тилидаги дарслиги ҳамда К.Х. Абдураҳмонов ва профессор Н.Қ. Зокированинг “Сунъий интеллект даврида меҳнат иқтисодиёти” номли дарслиги тақдим этилди.

Ташриф якунида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Бухоро давлат университети ўртасидаги илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма тадқиқотларни кенгайтириш, академик илм-фан ва олий таълим интеграциясини кучайтириш ҳамда ёш олимларни илмий фаолиятга жалб этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.