«Ниҳоят, узоқ йиллик тарихий хато тузатилди. Бугун Президентимиз лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга оид қонунни имзоладилар», — деб ёзди Саида Мирзиёева.
Унинг таъкидлашича, йиллар давомида баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келган ушбу масалага ечим топиш вақти келган эди. Саида Мирзиёева 2023 йил 11 декабрь куни жадидлар меросига бағишланган конференциядаги нутқида алифбони такомиллаштириш ташаббусини илгари сурган ва бу борадаги баҳсларга нуқта қўйиш вақти келганини айтган.
«Албатта, ўзгаришлар осон кечмайди, кимлардадир эътироз ёки хавотир уйғотиши ҳам табиий. Лекин, ишонинг, ёзувимиздаги ноқулайликларга барҳам бериш ва тилимизнинг рақамли макондаги ўрнини мустаҳкамлаш учун бошқа йўл йўқ эди», — деди у.
Саида Мирзиёеванинг қайд этишича, алифбодаги ўзгаришлар муносабати билан барча ҳужжатларни янгидан тайёрлаш талаб этилмайди. Амалдаги барча ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозлар ўз кучида қолади. Дарсликлар, пешлавҳалар ва кўрсаткичлар эса яроқлилик муддати тугагач, босқичма-босқич алмаштирилади.
«Ушбу қонуннинг 21 октябрь куни қабул қилинишида чуқур рамзий маъно бор. Тузатилган алифбомиз маърифатпарвар аждодларимиз орзуси, ёшларимиз саводхонлиги ва тилимиз мавқеини юксалтиришга хизмат қилишига ишонаман», — дея таъкидлади Саида Мирзиёева.
У барчани Ўзбек тили байрами куни билан табриклади.