Аввало, Самарқанд шаҳрида 9 гектар майдонда янги Ипак йўли музейини барпо этиш режаси кўриб чиқилди. Лойиҳага кўра, ушбу музей экспозицияси археология, тасвирий санъат, амалий санъат материалларини қамраб олган 6 мингдан зиёд ноёб экспонатларни бирлаштиради. Музейда доимий ва вақтинча кўргазмалар учун экспозициялар, 160 ўринли аудитория, болалар академияси, консервация ва тадқиқот маркази, катта ҳажмли сақлов хоналари ҳам ташкил қилинади.

Тақдимотда аҳолини маданият муассасаларига кенг жалб қилиш, уларнинг мазмун-моҳияти ва иш услубини замон талаблари асосида янгилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Шу муносабат билан республикадаги 839 та маданият марказини босқичма-босқич трансформация қилиш, биноларини замонавий қиёфага келтириш, фаолиятига хусусий секторни жалб қилиш, бу борада жозибадорликни ошириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Умуман, 2030 йилга қадар маданият соҳасига 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилиши белгиланди.

Санъат соҳасида иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш, уларни қуйи синфлардан мақсадли ўқитиш, ўқиш жойида яшаб таълим олиши ва ижод билан шуғулланиши учун муносиб шароит яратиш муҳим вазифа сифатида белгиланди.

Андижон ёшлар симфоник оркестри ҳамда “Тумор” рақс ансамбли фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича билдирилган таклифлар маъқулланди.

Медиамаконда миллий контентларни кўпайтириш, сунъий интеллектдан оқилона фойдаланган ҳолда миллий маданиятимиз ҳақида  маълумотлар базасини кенгайтириб бориш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, нодавлат маданият ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредитлар ажратиш, нодавлат театр ва театр-студияларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларга лойиҳаларни амалга ошириш учун грантлар ажратиб бориш тизими жорий этилиши белгиланди.

Шу йил бошидан мамлакатимизга 3 миллионга яқин сайёҳ келиб, ўсиш суръати 37 фоизни, туризм хизматлари экспорти эса 48 фоиз ўсиб, 1,1 миллиард долларга етгани қайд этилди. 2030 йилга қадар 20 миллион хорижий сайёҳни жалб қилиш, 2026 йилда эса 12 миллион туристга хизмат кўрсатиш мақсад қилинган.

Эндиликда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, унинг туристик салоҳиятини ошириш бўйича манзилли дастурларни амалга ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу мақсадда ҳудудларда туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва соҳани лойиҳавий бошқарув асосида ташкил этиш чоралари кўриб чиқилди. Хусусан, 2026-2027 йилларда ҳудудларда 31 та мастер-режани амалга оширишни бошлаш, 40 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш, жойлаштириш воситалари сонини 8 минг 250 тага, туризм қишлоқлари ва маҳаллаларининг умумий сонини 84 тага олиб чиқиш режалаштирилган.

Янги сайёҳлик маҳсулотларини шакллантириш ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам қатор механизмлар кўзда тутилган. Жумладан, хорижий туристларни жалб қилишга қаратилган тарғибот харажатларининг 25 фоизгача қисми, бироқ 500 миллион сўмдан ошмаган қисми қоплаб берилиши, туристлар учун маданий-оммавий ва саҳналаштирилган томошаларни тизимли йўлга қўйган хусусий тадбиркорларни рағбатлантириш, сервис соҳасидаги маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида амалий ўқув курсларини ташкил этиш назарда тутилган.

Тақдимотда республика туризм салоҳиятини халқаро бозорда кенг тарғиб қилиш бўйича ҳам янги ёндашувлар кўриб чиқилди.

Мутасаддиларга муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни пухта ишлаб чиқиш, уларни аниқ ҳисоб-китоб ва режалар асосида амалга ошириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.