Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Ўзбекистон элчихси Фарҳод Арзиевнинг Хунань провинциясига амалий ташрифи доирасида губернатор Мао Веймин билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув чоғида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Мао Веймин Ўзбекистон Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги муҳим шерикларидан бири, дўстона қўшни ва стратегик ҳамкор эканини таъкидлади.

Музокаралар давомида Ўзбекистон ҳудудлари ва Хунань провинцияси ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари атрофлича кўриб чиқилди. Расмий ва ишбилармон доиралар ўртасидаги фаол алмашинув, савдо ва инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ижобий баҳоланди.

Хунан провинцияси Ўзбекистон ҳудудлари билан савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш, қўшма тадбирлар ташкил этишдан манфаатдор эканини билдирди.

Маълумот учун, Хунань провинцияси Хитойда аҳоли сони бўйича 7-ўринда, ҳудудий майдони бўйича эса 10-ўринда туради. Унинг маъмурий маркази Чанша шаҳри ҳисобланади.

Вилоят иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги ва тоғ-кон саноати етакчи ўрин тутади. Асосий қишлоқ хўжалиги экинлари сифатида шоли, тамаки ва цитрус мевалари кенг миқёсда етиштирилади. Шу билан бирга, Хунан Хитойнинг фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича муҳим марказларидан бири саналади.