ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, мазкур ҳайдовчи аввал ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмагани сабабли ЙҲХХ ходимлари томонидан огоҳлантирилган ва унга нисбатан қонуний чора кўрилган. Аммо у тегишли хулоса чиқармасдан яна рульга ўтирган.
Ҳодиса Фурқат туманида содир бўлган. Ҳайдовчи кескин бурилишда тезликни ошириб, автомобиль бошқарувини йўқотган. Автомобиль аввал огоҳлантирувчи устунга, кейин бетон устунга ва дарахтга урилган.
Ҳодиса вақтида машинада бўлган йўловчининг айтишича, улар Бешариқ туманидан Қўқон шаҳри томон ҳаракатланаётган бўлган. Автомобиль тезлиги соатига 100 километрдан ошган.
Йўловчи олдиндаги транспорт воситасини қувиб ўтишга уриниш вақтида автомобиль бетон тўсиққа урилганини айтган. Кейинги тўқнашувлар оқибатида машина ағдарилган, йўловчининг ўзи эса олд ойнадан ташқарига отилиб кетган.
Унинг сўзларига кўра, ҳодисадан кейин ўзига келганида атрофни чанг қоплаган бўлган. Шундан сўнг у ҳайдовчининг олдига бориб, ҳолатини текширган, аммо унинг пульсини сезмаган.
Ушбу ҳодиса тезликни ошириш ва ҳайдовчилик гувоҳномасисиз автомобиль бошқариш қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яна бир бор кўрсатади.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тунги вақтда пойга уюштириб, йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузаётган ҳайдовчиларни бундай ҳодисалардан тегишли хулоса чиқаришга чақирди. Ота-оналарга эса фарзандларининг автомобиль бошқаришига бефарқ бўлмаслик ва уларнинг хавфсизлигига масъулият билан ёндашиш зарурлиги эслатилди.