Шу эътирозлар юзасидан Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, автобус салонларида йўловчилар учун ноқулай ҳарорат юзага келишининг олдини олиш мақсадида барча ташувчиларга 2026 йил 30 апрель куни 1/Е-410-сонли кўрсатма хати юборилган. Унда ташқи ҳаво ҳарорати +28°C дан юқори бўлган ҳолларда автобуслардаги совитиш тизимларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш вазифаси белгиланган.
Шунингдек, ҳозирда «Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш» давлат муассасаси томонидан жамоат транспортида назорат тадбирлари кучайтирилгани айтилди.
Қайд этилишича, йўловчилардан келиб тушаётган мурожаатлар тезкорлик билан кўриб чиқилади. Кўрсатма талабларига риоя этмаган ташувчиларга нисбатан қатъий интизомий ва шартномавий чоралар қўлланади.