Бу борада Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети яна бир муҳим натижага эришди. Университет Марказий Осиёда 8Foundry Alliance халқаро инновацион кластерига аъзо бўлган биринчи олий таълим муассасасига айланди.
Мазкур воқеани нафақат университет, балки мамлакатимиз олий таълим тизимининг халқаро интеграция жараёнларидаги муҳим қадамларидан бири сифатида эътироф этиш мумкин. Шу муносабат билан университетда Польша Республикасининг 8Foundry Alliance халқаро кластери раҳбарияти вакиллари — кластер раиси Рафаэль Магриш ҳамда халқаро ҳамкорлик бўйича мутахассис Пётр Мержвиньский иштирокида учрашув ташкил этилди.
Маълумки, 8Foundry Alliance Европа Иттифоқи давлатлари, Осиё ва бошқа минтақалардаги университетлар, илмий-тадқиқот марказлари, давлат ташкилотлари ҳамда бизнес субъектларини бирлаштирувчи йирик халқаро инновацион платформа ҳисобланади. Унинг асосий мақсади таълим, илм-фан, инновациялар ва технологиялар трансфери соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.
Учрашувда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари, Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ректори Ҳилола Умарова мазкур ҳамкорликнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
— Бугунги кунда университетимиз учун халқаро ҳамкорликни кенгайтириш стратегик вазифалардан бири ҳисобланади, — деди Ҳилола Умарова. — Айниқса, Европа Иттифоқи мамлакатлари университетлари ва илмий марказлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро грантлар ва дастурларда иштирок этиш, қўшма илмий-тадқиқот ва таълим лойиҳаларини амалга ошириш биз учун устувор йўналишдир. 8Foundry Alliance тармоғи мазкур мақсадларни рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратади. Университетимиз томонидан аъзолик бўйича барча ҳужжатлар имзоланиб, кластерга тақдим этилди. Бугунги учрашув эса ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиқиш ва келгусидаги қўшма режаларни белгилаб олиш учун муҳим аҳамият касб этади.
Учрашув давомида таълим ва илм-фан соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро грантларда иштирок этиш, инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш, академик алмашинув дастурларини кенгайтириш ва технологиялар трансфери каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Мазкур ҳамкорлик университет учун бир қатор янги имкониятларни очиб беради. Хусусан, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчилар Европа университетлари ҳамда илмий марказлари билан қўшма тадқиқотлар олиб бориш имкониятига эга бўлса, талабалар халқаро лойиҳаларда иштирок этиш, стартап ғояларини хорижий экспертлар ва инвесторларга тақдим этиш имкониятини қўлга киритади.
Шунингдек, кластер вакиллари университет фаолияти, таълим сифати ва илмий салоҳиятини ўрганади. Келгусида университет профессор-ўқитувчилари ҳамда талабаларининг Польшага ташрифлари ташкил қилиниб, илғор тажрибалар билан танишиш ва малака ошириш ишлари йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.
— Биз Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетининг халқаро ривожланиш стратегияси ва инновацияларга бўлган ёндашувини юқори баҳолаймиз, — деди Рафаэль Магриш. — Университетнинг кластеримизга қўшилиши Марказий Осиё билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир. Биз биргаликда янги ташаббусларни амалга оширишни режалаштиряпмиз. Ишонаманки, бу ҳамкорлик ҳар икки томон учун манфаатли натижалар беради
Замонавий университет фақат таълим бериш билан чекланиб қолмасдан, инновациялар яратиш, илмий натижаларни амалиётга жорий этиш ва халқаро ҳамкорлик майдонларида фаол иштирок этиши лозим. Шу нуқтаи назардан қараганда, университетнинг 8Foundry Alliance халқаро кластерга қўшилиши таълим ва илм-фан соҳасида янги имкониятлар эшигини очувчи муҳим жараёндир.
Энг муҳими, ушбу Кластер фақат таълим билан эмас, балки давлат ташкилотлари, технологик компаниялар, инвестиция муҳити ва инновацион экотизим билан ҳам ишлайди. Шунинг учун бу аъзолик университетнинг халқаро нуфузини ошириб, талабалар ҳамда олимлар учун янги имкониятлар эшигини очади ҳамда педагогика таълими ва илмий тадқиқотлар соҳасида янги марраларни забт этишга хизмат қилади.
Мансур Ҳасанов,
Низомий номидаги ЎзМПУ
Ахборот ва медиа хизмати бўлими масъул ходими