Қарорга кўра, 2027 йил 1 майдан алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни ваучер асосида таълим олишига кўмаклашувчи замонавий ассистив (ёрдамчи) жиҳозлар билан таъминлаш тизими жорий этилади.

2027/2028 ўқув йилидан ногиронлиги бўлган абитуриентлар учун олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳони ва ногиронлиги бўлган педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш, умумтаълим фанларини билиш даражасини белгиловчи миллий сертификат олиш бўйича имтиҳон (синов)да:

белгиланган вақт меъёрининг 50 фоизи миқдорида қўшимча вақт берилади ҳамда Брайл алифбоси, аудио ва электрон форматдаги имтиҳон материалларидан фойдаланиш имконияти яратилади;

2026/2027 ўқув йилидан бошлаб алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари (ихтисослаштирилган муассасалар)да ўқитиш боланинг индивидуал таълимга эҳтиёжлари, функционал имкониятлари ҳамда ўзлаштириш даражасига мувофиқ ишлаб чиқиладиган индивидуал таълим режалари асосида ташкил этилади.

2026 йил 1 сентябрдан коррекцион синф ташкил этган ҳолда умумий ўрта таълим хизматини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотларига ушбу синфда таълим оладиган ҳар бир ўқувчи учун қуйидаги миқдорларда субсидия ажратилади:

Тошкент шаҳрида БҲМнинг 11 баравари;

вилоятлар маркази ва Нукус шаҳрида БҲМнинг 9,5 баравари;

бошқа туман (шаҳар)ларда БҲМнинг 8,5 баравари.