Мамлакатимизда ёшларни илм-фанга кенг жалб этиш, уларнинг кимё фани бўйича олиб бораётган илмий ишларини тарғиб қилиш мақсадида жорий йил 1 апрелда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Умумий ва ноорганик кимё институтида пресс-тур ва «Очиқ эшиклар куни» ўтказилди.

Мазкур тадбирда ОАВ вакиллари, блогерлар, талаба ёшлар ҳамда тадқиқотчилар иштирок этди.

Тадбир давомида кимёвий элементлар ёрдамида амалга оширилган қизиқарли тажрибалар намойиш этилди. Жараёнлар босқичма-босқич кўрсатилиб, уларнинг аҳамияти ҳақида тушунчалар берилди. Жумладан, совун тайёрлаш жараёни ҳам амалий тарзда намойиш этлди.

— Совун тайёрлаш жараёнида асосан глицеринли тайёр моддадан фойдаланилади. У аввал майда қисмларга бўлиниб, тез эриши учун иссиқлик ёрдамида суюқ ҳолатга келтирилади. Сўнгра унга турли ароматизаторлар ва ранглар қўшилиб, исталган шакл ва кўриниш берилади. Тайёр масса қолипларга қуйилади ва бунда безак сифатида гуллар ёки бошқа декоратив элементлардан фойдаланиш мумкин. Қотиш жараёнини тезлаштириш учун совуқ ҳарорат қўлланилади. Бу усул хавфсиз бўлиб, ишқор ёки қўшимча кимёвий моддалар талаб этилмайди, шунингдек, совунни уй шароитида ҳам бемалол тайёрлаш мумкин, — деди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Умумий ва ноорганик кимё институти учинчи курс таянч докторанти Феруза Димметова.

Бугунги кунда илм-фан ва ишлаб чиқариш жадал суръатларда ривожланиб бораётган бир даврда лабораторияларда олиб борилаётган тадқиқотларнинг аҳамияти беқиёс.

Тадбирда намойиш этилган энг қизиқарли жараёнлардан бири кимёвий реакциялар орқали кўпириш ҳосил қилиш бўлди. Мутахассислар таъкидлаганидек, мазкур тажрибада асосан кўпириш жараёни содир бўлади. Калий перманганат реакцияни тезлаштирувчи омил сифатида иштирок этади. Водород пероксид ва бошқа моддалар ўзаро таъсирга киришиб, реакция натижасида кислород ажралиб чиқади. Шунинг ҳисобига совун кўпиклари шиддат билан, гўё портлашга ўхшаш ҳолда юқорига отилиб чиқади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай жараёнлар нафақат қизиқарли тажриба, балки амалиётда ҳам катта аҳамиятга эга. Хусусан, озиқ-овқат саноатида хамирни кўпиртириш ва ошириш технологияларини такомиллаштиришда шундай кимёвий жараёнлардан фойдаланилади. Бундан ташқари, олимлар мазкур реакциялар асосида инсон саломатлиги учун мутлақо безарар бўлган янги усул ва воситаларни яратиш устида изланишлар олиб боряптилар.

Шу билан бирга, мутахассислар тажрибаларни мустақил равишда такрорлашда эҳтиёткор бўлиш зарурлигини ҳам таъкидладилар. Бу каби реакциялар визуал жиҳатдан жуда қизиқарли бўлса-да, бунда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш талаб этилади. Кимёвий моддаларга сезувчан ёки аллергик реакцияси бор инсонларга бундай тажрибаларни ўтказиш тавсия этилмайди. Нотўғри қўлланилганда моддалар терига зарар етказиши мумкин.

Институтда амалга оширилаётган илмий ишлар ҳам диққатга сазовор. Сўнгги 5 йилда бу ерда 26 та йирик илмий лойиҳа амалга оширилди, 2700 дан ортиқ илмий ишлар чоп этилди ва 43 та патент олинди. Бу эса мамлакатимизда кимё соҳаси изчил ривожланаётганининг яққол далилидир.

Шунингдек, маҳаллий хомашёлардан фойдаланган ҳолда лактозасиз бодом сути ишлаб чиқариш технологиясини йўлга қўйиш режалаштирилган. Ёш олимлар томонидан тақдим этилган ушбу лойиҳа бугунги кунда долзарб бўлган соғлом озуқа масаласига инновацион ечим сифатида баҳоланяпти.

Мутахассисларнинг айтишича, соя ва бодомдан тайёрланган ўсимлик сутининг асосий афзаллиги — таркибида лактозанинг йўқлигида. Бугунги кунда кўплаб инсонларда лактозани ўзлаштира олмаслик ёки ошқозон-ичак муаммолари кузатиляпти. Ўсимлик сути эса витамин ва минералларга бой, юқори оқсилли ва соғлиқ учун хавфсиз муқобил ҳисобланади.

Ёш олимларнинг таъкидлашича, бундай ишланмаларни фақат лаборатория доирасида қолдирмасдан, амалиётга жорий этиш муҳим аҳамиятга эга. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ушбу лойиҳалар қўллаб-қувватланса, уларни кенг миқёсда ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади.

Бугунги тадбир нафақат лаборатория сирларини очишга хизмат қилди, балки илм-фаннинг ҳаётимиздаги ўрнини янада яққол намоён этди десак муболаға бўлмайди. Маҳаллий хомашёлардан инновацион маҳсулотлар яратиш, тупроқ унумдорлигини ошириш ва соғлом озуқа воситаларини ишлаб чиқариш — буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардир.

Ёш олимларимизнинг ғайрати ва аждодларимизнинг бой илмий мероси бизни жаҳон кимё фани чўққилари сари етаклашда давом этади.

Мадина Ботиржонова,

Зулхумор Акбарова.