Кенгаш қарорига мувофиқ Сенатнинг ўн бешинчи ялпи мажлиси 2026 йил 18 майда ўтказилади.
Ялпи мажлис кун тартибига мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор қонунлар киритилган.
Электрон тижорат соҳасини ривожлантириш, миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти талаблари билан уйғунлаштириш, бола ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга оид қонунлар шулар жумласидандир.
Шунингдек, иқтисодий ва маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар ҳамда тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, креатив иқтисодиётни ривожлантириш, рақамли маркировкалаш тизими самарадорлигини ошириш, маданий мерос соҳасидаги давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга доир қонунлар ҳам сенаторлар муҳокамасига киритилган.
Бундан ташқари, гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштириш, умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизматга оид қонунчиликни такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилади.
Шунингдек, ялпи мажлисда парламент назорати доирасидаги қатор масалалар ҳам муҳокама этилади. Жумладан, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирига қурилиш соҳасида коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш юзасидан, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасига табиий, техноген ва экологик хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар мониторинги ҳолати юзасидан парламент сўровлари юбориш масалалари муҳокама этилади.
Шу билан бирга, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг 2025 йилда бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси эшитилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилади, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Сенаторлар Олий Мажлис Сенати Кенгаши қарорларини тасдиқлаш масаласини ҳам кўриб чиқади.