Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 апрелдаги ПФ-58-сонли «Олий таълим, фан ва инновациялар соҳасини такомиллаштиришга қаратилган» Фармони ижроси ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар таҳлилига бағишланди.
Анжуманда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда
вазирнинг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов иштирок этиб, таълим тизимидаги
сўнгги ўзгаришлар, устувор вазифалар ва янги тизимнинг афзалликлари ҳақида
батафсил маълумот берди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, янги тизим асосида олий таълим
муассасалари фақат билим берувчи муассаса эмас, балки инновация яратадиган, уни
бозорга олиб чиқадиган ва ўзини ўзи молиялаштира оладиган комплекс марказга
айлантирилади. Бу орқали университетларнинг иқтисодий мустақиллиги оширилиши ва
рақобат муҳити кучайтирилиши кутилмоқда.
Вазир Қўнғиротбой Шариповнинг таъкидлашича:
— Эндиликда университетларга ажратиладиган маблағлар бевосита таълим
сифатига боғлиқ бўлади. Бу эса олийгоҳларни ўзаро соғлом рақобат қилишга
ундайди ва сифатни оширишга хизмат қилади.
Маълум қилинишича, 2030 йилга қадар камида 10 та олий таълим муассасасини
халқаро рейтингларга киритиш мақсад қилинган. Бу борада Германия, Хитой ва
Россия тажрибасини жорий этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, илмий лойиҳаларни
қўллаб-қувватлаш учун 150 миллиард сўмгача маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Таълим тизимидаги яна бир муҳим янгилик — 2027 йил 1 январдан бошлаб олий
таълим муассасалари фаолиятини баҳолашнинг янги миллий рейтинг тизими жорий
этилиши бўлди. Ушбу рейтинг орқали университетлар фаолиятининг самарадорлиги ва
сифати комплекс баҳоланади.
Халқаро ҳамкорлик доирасида ҳам муҳим ўзгаришлар кузатилмоқда. Бугунги
кунда Ўзбекистонда таҳсил олаётган хорижлик талабалар сони 23,4 минг нафардан
ошган. Уларни жалб қилишни янада кенгайтириш мақсадида «Study in Uzbekistan» платформаси орқали қабул жараёнини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Вазир бу борада шундай деди:
— Хорижлик талабалар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш ва уларни жалб
қилишни кучайтириш асосий вазифаларимиздан бири ҳисобланади.
Матбуот анжуманида қўшни давлатлар билан таълим ҳужжатларини тан олиш
масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, жорий йил июнь ойида
Қирғизистон билан дипломларни ўзаро тан олиш бўйича келишув имзоланиши
кутилмоқда. Қозоғистон билан ҳам бу борада келишувга эришилган бўлиб, ҳужжат
парламент кўриб чиқувида. Туркманистон эса Ўзбекистоннинг жаҳондаги энг яхши
1000 таликка кирган олийгоҳлари дипломларини тан олишга тайёрлигини билдирган.
Таълим тизими бошқарувида ҳам сезиларли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб:
- давлат олийгоҳлари ректорларини тайинлаш ваколати тўғридан-тўғри вазирликка берилади;
- филиал директорларини тайинлаш ва озод этиш ҳам вазирлик ваколатига ўтади;
- магистратурага киришда талаб этиладиган хорижий тил даражаси (B2 ёки C1) вазирлик томонидан белгиланади.
Шунингдек, университетларнинг ўз бренди ва ички сиёсатига эга бўлишига ҳам
алоҳида урғу берилди.
Вазир Қўнғиротбой Шарипов бу ҳақда шундай фикр билдирди:
— Бизнинг мақсадимиз — талабанинг қайси университетда таҳсил олаётганини
унинг ташқи кўринишидан ҳам англаш имконини яратиш. Шу билан бирга, ҳар бир
олийгоҳ ўз бренди ва талабларини мустақил равишда шакллантириши лозим.
Матбуот анжуманида таълим сифатини баҳолаш масаласи ҳам кенг муҳокама
қилинди. Илгари магистратурага қабул қилишда асосий мезон сифатида GPA ва тил сертификати олинган бўлса, амалиётда бу тизим қатор муаммоларни
келтириб чиқарган.
Вазирнинг биринчи ўринбосари Сардор Ражабовнинг таъкидлашича:
— Турли олийгоҳларда баҳолаш мезонлари бир хил эмас. Натижада билимли, аммо
баҳоси нисбатан паст бўлган талабалар имкониятдан четда қолиб кетган ҳолатлар
кузатилди. Шу сабабли, эндиликда олийгоҳларга қўшимча имтиҳонлар ўтказиш
ваколати берилмоқда.
Бу эса ҳақиқий билимли номзодларни саралаб олишга хизмат қилади.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 204 та олий таълим
муассасаси фаолият юритмоқда. Бу кўрсаткич 10 йил аввалги 69 та билан
таққослаганда уч баравардан зиёдга ошган. Шу билан бирга, талабалар сони 1,5
миллион нафарга етган.
Зеро, олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар
университетларнинг нафақат таълим берувчи, балки инновация яратувчи ва
иқтисодий жиҳатдан мустақил субъектга айланишини таъминлашга қаратилган. Бу эса
мамлакатда рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ва халқаро таълим майдонида муносиб
ўрин эгаллаш учун мустаҳкам замин яратади.
Зулхумор
Акбарова,
Мадина Ботиржонова