Бу ҳақда Popular Science нашри хабар берди.

АҚШнинг Орегон штати университети ботаниклари органик моддалар қўшилган тақдирда картошка сунъий равишда яратилган лунар тупроқда муваффақиятли ўсиши мумкинлигини тажриба орқали тасдиқлади.

Ойда келажакда қишлоқ хўжалигини йўлга қўйишдаги асосий муаммолардан бири — маҳаллий тупроқнинг ўзига хос хусусиятларидир. Ой реголити деярли органик моддаларга эга эмас ва мустақил равишда ўсимликларни зарур озуқа элементлари билан таъминлай олмайди. Бундан ташқари, унинг таркибида оғир металлар мавжуд, Ой сирти эса доимий равишда космик ва қуёш нурланиши таъсирида бўлади.

Шу сабабли олимлар одатий қишлоқ хўжалиги қўшимчалари бундай муҳитнинг салбий хусусиятларини бартараф эта олишига ишонч ҳосил қила олмаган.

Бу тахминни текшириш учун тадқиқотчилар таркиби “Аполлон” космик миссиялари давомида олиб келинган намуналар хусусиятларига мос келадиган сунъий Ой реголитини яратишди. Кейин эса ушбу материални биогумус — ёмғир чувалчанглари ёрдамида органик материалларни қайта ишлаш натижасида ҳосил бўладиган, озуқа моддаларига бой органик аралашма билан қориштиришди.

Шундан сўнг олимлар реголит ва вермикомпостнинг турли нисбатларидан иборат аралашмаларга картошка экиб, ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишини кузатишди.

Тажриба натижалари умидбахш бўлди. Маълум бўлишича, одатий Ер тупроғида етиштирилган картошкага қиёсланадиган ҳосил олиш учун таркибида атиги 30 фоиз вермикомпост бўлган аралашманинг ўзи етарли экан.

Эҳтимол, органик компонентлар реголит таркибидаги оғир металларнинг заҳарли таъсирини камайтиришга ва ўсимлик илдиз тизимини ҳимоя қилишга ёрдам беради.

Бироқ ҳосил олишнинг ўзиёқ бундай картошка истеъмол қилиш учун хавфсиз эканини англатмайди. Шунинг учун тадқиқотчилар унинг кимёвий таркибини ҳам алоҳида ўрганишди. Бунда картошка таркибида табиий равишда учрайдиган гликоалкалоидларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу заҳарли бирикмаларнинг юқори концентрацияси инсон саломатлиги учун хавф туғдириши мумкин. Картошкада уларнинг тўпланиши, жумладан, туганакларнинг яшил тусга кириши билан ҳам боғлиқ.

Таҳлил натижалари Ой тупроғига ўхшаш сунъий муҳитда етиштирилган картошкада гликоалкалоидлар миқдори статистик жиҳатдан сезиларли даражада ошмаганини кўрсатди. Бу эса тегишли шароитлар яратилганда олинган ҳосил истеъмол қилиш учун яроқли бўлиши мумкинлигидан далолат беради.

Тадқиқотнинг кейинги босқичида олимлар сунъий Ой реголитида етиштирилган картошканинг ўн хил навини ўзаро таққослашни режалаштирмоқда. Улар қайси навлар бундай шароитга яхшироқ мослашиши, юқори озуқавий қийматга эга бўлиши ва Ойда барқарор ҳосил беришини аниқлашни мақсад қилган, деб хабар берди korrespondent.net.

Аввалроқ НАСА 20 миллиард долларлик Ой базасини яратилиши ҳақида эълон қилган эди.