Айниқса, космик технологиялар, муҳандислик ва рақамли соҳаларга қизиқиш уйғотиш келажакда юқори малакали мутахассислар авлодини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан “Mission Moon” космик таълим платформасининг тақдимоти ўтказилди. Тадбирда ёшлар, ота-оналар, педагоглар ва соҳа мутахассислари иштирок этиб, космос олами билан боғлиқ янги таълим имкониятлари билан танишдилар.
Тадбир давомида иштирокчилар сунъий йўлдошлар, ракета технологиялари, космик тадқиқотлар ва муҳандислик соҳалари бўйича қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар. Тақдим этилган “Mission Moon” платформаси ёшларда STEM (Science, Technology, Engineering, Mathematics) йўналишларига қизиқиш уйғотиш, уларнинг таҳлилий ва ижодий фикрлаш қобилиятларини ривожлантиришга қаратилган.
— “Mission Moon” платформасининг асосий мақсади ёшлар орасида космос, муҳандислик ва инновацион технологияларга бўлган қизиқишни кучайтиришдан иборат, — деди “Ўзбеккосмос” агентлиги бўлими раҳбари Хумоюн Рустамов. — Биз ёшларнинг орзуларини қўллаб-қувватлаш ва уларга янги имкониятлар эшигини очишни мақсад қилганмиз. Платформа орқали иштирокчилар йил давомида турли топшириқлар бажариб, билим ва кўникмаларини синовдан ўтказадилар.
Унинг таъкидлашича, лойиҳада иштирок этиш мутлақо бепул бўлиб, ундан 14 ёшдан юқори барча ёшлар фойдаланиши мумкин. Платформа ўзбек, рус ва инглиз тилларида ишлайди.
Лойиҳанинг энг қизиқарли жиҳатларидан бири иштирокчиларнинг йил давомида тўплаган натижалари билан боғлиқ. Ҳар ҳафта бериладиган вазифалар, тестлар ва интерактив машғулотлар учун иштирокчилар виртуал қадамлар йиғадилар. Йил якунида ушбу қадамлар рамзий тарзда Ердан Ойгача бўлган масофа билан таққосланади.
Энг фаол қатнашчилар махсус сертификатлар, эсдалик совғалари ва рағбатлантирувчи мукофотлар билан тақдирланади.
Тадбир доирасида 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар учун махсус ишлаб чиқилган таълим платформаси ҳам намойиш этилди.
— “Болаларда илм-фан ва технологияларга қизиқиш айнан эрта ёшдан шаклланади, — деди лойиҳа ташкилотчиларидан бири Аъзам Умаров.
— Шунинг учун биз коинот ҳақидаги билимларни қизиқарли ўйинлар, интерактив дарслар ва амалий машғулотлар орқали етказишга ҳаракат қилдик. Бу лойиҳа келажакда муҳандис, дастурчи ва ихтирочи бўлишни орзу қилган болалар учун мустаҳкам пойдевор вазифасини бажаради. Мазкур платформа орқали болалар ракета моделлари ясаш, конструкторлар билан ишлаш, турли техник топшириқларни бажариш ва ижодий лойиҳаларда иштирок этиш имкониятига эга бўладилар.
Тадбирнинг энг сермазмун ва қизиқарли қисмларидан бири “Space Activity Zone” майдони бўлди. У ерда космик мавзудаги кўргазмалар, мини-воркшоплар, тақдимотлар ва амалий машғулотлар ташкил этилди.
Иштирокчилар нафақат назарий билимларга эга бўлдилар, балки замонавий технологиялар билан яқиндан танишиб, космос соҳасидаги қизиқарли тажрибаларда ҳам қатнашдилар.
Шунингдек, “Mission Moon Space Challenge” дастури доирасида интеллектуал викториналар, мантиқий беллашувлар ва жамоавий танловлар ўтказилди. Бу синовлар иштирокчиларнинг таҳлилий фикрлаш, муаммоларни ҳал қилиш ва жамоада ишлаш кўникмаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, платформани ишлаб чиқиш жараёнида маҳаллий мутахассислар билан бир қаторда Европа, Америка ва Хитойдаги экспертларнинг илғор тажрибаларидан ҳам фойдаланилган.
— “Биз платформани яратишда халқаро таълим дастурлари ва космик агентликлар тажрибасини ўргандик, — дея таъкидлади лойиҳа мутахассислари. — Асосий мақсадимиз — ёшларга замонавий ва қизиқарли форматда билим бериш, уларнинг инновацион фикрлашини ривожлантиришдан иборат.
Бугун дунё давлатлари космик технологиялар, сунъий интеллект ва юқори технологиялар соҳасига катта сармоя киритмоқда. Бу соҳалар келажак иқтисодиётининг асосий драйверларидан бири сифатида баҳоланмоқда.
“Mission Moon” лойиҳаси эса ўзбекистонлик ёшларни ана шу истиқболли йўналишларга қизиқтириш, уларнинг билим ва салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда келажакда халқаро майдонда рақобатбардош мутахассислар бўлиб етишишларига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Зулхумор Акбарова,
Муштарий Комилова,
Мафтуна Хикматуллаева