Янги шартлар Ўзбекистон халқаро аэропортларида юк қабул қилувчи йирик шохли қорамол, қўй ва эчкиларга ишлов бериш хизматлари учун ҳақ тўлаганида амал қилади. Имтиёзли тарифлар ҳаво кемаси қўнгач, зарур бўладиган асосий амалиётларни – ҳайвонларни қабул қилиб олиш ва тушириш, уларни жойлаштириш ҳамда белгиланган аеропортда юкка ишлов беришни ўз ичига олади.

“Бу қарор тадбиркорларга аэропорт хизматлари учун харажатларни қисқартиришга ва умуман, ҳайвонларни Ўзбекистонга етказиб бериш таннархини пасайтиришга имкон беради. Бу, айниқса, логистика харажатлари импорт қилинадиган чорва молларининг якуний нархига бевосита таъсир кўрсатадиган йирик партияларда муҳим аҳамият касб этади. Тарифлар, уларни қўллаш тартиби ва хизмат кўрсатиш шартлари тўғрисида батафсил маълумот олиш учун юк қабул қилувчилар бевосита Ўзбекистон халқаро аэропортларига мурожаат қилишлари мумкин”, — деб таъкидлади “Uzbekistan Airports” АЖ тижорат департаменти.

Имтиёзли тарифлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 12 майдаги ПҚ-179-сонли қарорида назарда тутилган чорвачиликни ривожлантириш ва чорва молларини ҳаво транспорти орқали олиб киришни рағбатлантириш чора-тадбирлари доирасида жорий этилди.

Тариф сиёсатининг янгиланиши чорва молларини ҳаво орқали ташишни тадбиркорлар учун янада жозибадор қилади ва Ўзбекистон аэропортларида юк йўналишининг янада ривожланишини қўллаб-қувватлайди.