П. Зиятов 1947 йили Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов (собиқ Жиззах) туманида туғилди. Ўрта мактабни тугатиб, Самарқанд қишлоқ хўжалиги техникумида агроном мутахассислиги бўйича таҳсил олди.
Ҳарбий хизматни ўтаб келгач, меҳнат фаолиятини тумандаги Ҳамроқул Носиров номидаги жамоа хўжалигида табелчи сифатида бошлади. Кейинчалик мазкур хўжаликда бригада бошлиғи, ширкат хўжалиги бош пудратчиси каби вазифаларда самарали фаолият кўрсатди.
Деҳқончилик илмини чуқур биладиган П. Зиятов 2003–2018 йилларда Шароф Рашидов туманидаги “Қуёшсевар Парда” фермер хўжалигига раҳбарлик қилиб, мамлакатимизда аграр соҳада кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, фермерлик ҳаракати ривожини янги босқичга олиб чиқишга катта ҳисса қўшди. У шартнома режаларини мунтазам ортиғи билан бажариб келган, пахтачилик ва ғаллачиликда ўз тажриба мактабини яратган заҳматкаш фермер, моҳир ташкилотчи, камтарин ва самимий инсон сифатида нафақат Жиззах вилоятида, балки бутун республикамизда муносиб обрў-эътибор топди.
Машҳур фермер кўплаб ёшларга устозлик қилиб, қишлоқ хўжалиги соҳасини малакали кадрлар билан таъминлаш борасида ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатди.
П. Зиятов 1990–1995 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати, 2005–2015 йилларда Олий Мажлис Сенати аъзоси ҳамда кўп йиллар давомида Халқ депутатлари вилоят ва туман кенгашлари депутати сифатида фаолият юритиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, қурилиш-бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларида жонкуярлик ва ташаббускорлик фазилатларини намоён этди.
П. Зиятов сўнгги йилларда, нафақада бўлишига қарамасдан, қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилиш, кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш жараёнларида фаол иштирок этди.
Парда Зиятовнинг кўп йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан мукофотланган эди.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасининг ёрқин намояндаси, меҳнат фахрийси, самимий ва камтарин инсон Парда Зиятовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш. Мирзиёев, Т. Норбоева, Н. Исмоилов, А. Арипов,
С. Турдиев, И. Абдураҳмонов, У. Мустафоев