26 март куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Афғонистон Савдо ва инвестиция палатаси раиси Муҳаммад Карим Ҳошимий бошчилигидаги делегация иштирокида Ўзбекистон–Афғонистон Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилди ва унинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Кенгаш таркибига жами 32 нафар вакил киритилди. Жумладан, Ўзбекистон томонидан Савдо-саноат палатаси раҳбарияти ва соҳавий уюшмалар вакиллари, Афғонистон томонидан эса Савдо ва инвестиция палатаси ҳамда етакчи хусусий компаниялар раҳбарлари киритилди.
Унда қурилиш материаллари, фармацевтика, озиқ-овқат, тўқимачилик, электротехника ва нефть маҳсулотлари каби устувор тармоқлар қамраб олинган бўлиб, бу икки мамлакат ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш ва ўзаро савдони кенгайтириш учун кенг имкониятлар яратади.
Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар қисқа муддатда ўзаро савдо ҳажмини 5 млрд АҚШ долларига етказишни белгилаб, бу мақсадга эришиш учун аниқ чора-тадбирлар режасини келишиб олди. Хусусан, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, рақамли божхона тизимларини жорий этиш, молиявий ва суғурта хизматларини ривожлантириш ҳамда савдо жараёнларида шаффофликни таъминлаш устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Шунингдек, кўргазмалар, бизнес-форумлар ва B2B учрашувларни мунтазам ташкил этиш орқали ишбилармонлар ўртасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда иштирок этган Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов мазкур ташаббуснинг аҳамиятига тўхталиб, у тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, янги шерикликларни шакллантириш ва инвестиция фаоллигини оширишга хизмат қилишини қайд этди.
Мазкур келишув ва белгилаб олинган устувор йўналишларни изчил амалга ошириш орқали икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ва ўзаро савдо ҳажмини сезиларли даражада ошириш кутилмоқда.