Каминага “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” китоби ҳақида сўз юритиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини иорданиялик давлат ва сиёсат арбоблари, олимлар ва дин пешволари, маданият ва ноширлик аҳли, ёшларга етказиш шарафи ва катта масъулияти юкланди.

Қолаверса, Янги Ўзбекистонимизнинг шонли ўн йиллигигина эмас, унгача кечган икки босқич — мустақил тараққиётимизнинг илк чорак асри ва 130 йиллик мустамлака замонини бошидан ўтказган замондош, узоқ вақтдан буён ўзбек давлатининг 3000 йиллик ўтмишини илмий ўрганиб келаётган мутахассис бўлмиш мен учун бу иш ўзига хос бурч ҳам эди.

Биз Янги Ўзбекистон ва унинг асосчиси Шавкат Мирзиёев бошлаган буюк ўзгаришлар ва янгиланишларни таҳлил этишда фақат сўнгги йиллар ёки мустақиллик босқичи нуқтаи назаридан эмас, балки қадим тарихимиз ҳамда юртимиз ва бугун Марказий Осиё аталмиш минтақамиздан-да кенгроқ кўламни кўзда тутишимизга тўғри келади.

Шавкат Мирзиёев шахси ва даври тасодифийми ёки бу ерда қандайдир қонуният борми?

Ҳа, бу ерда катта ва асосли қонуният бор. 2016 йилга келиб, жамиятимиз туриш-турмушининг барча йўналишларини тубдан ўзгартиришга жуда катта ва кучли эҳтиёж ҳамда тарихий зарурат етилиб бўлган эди.

Кишилик тарихига Иккинчи Уйғониш даври ўлароқ кирган сиёсий, иқтисодий, илмий-маданий юксалишларимиз якун топган ўн бешинчи юз йиллик охирларидан ўн тўққизинчи юз йиллик ўрталаригача кечган ўта мураккаб ва оғир тарихий босқич халқимизнинг Россия империяси мустамлакасига айланиши билан тугаган.

Кейинги 130 йил биз учун ўта фожиали кечди. Сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва диний ҳуқуқларимизни йўқотдик, ер ости, ер усти бойликларимиз, тарихий-маданий меросимиз таланди, ўзбек халқи пахта қулларига айлантирилди, бутун бошли Орол денгизи қуритилди, миллий наслимиз жуда катта талафот кўрди, миллатимизнинг энг истеъдодли ва зукко қатламлари — олимлар, ўқитувчилар, сўз ва санъат усталари, ишбилармонлар, ҳарбий саркардалар, дин пешволари қириб ташланди.

Биз учун улкан миллий фожиага айланган мустамлака даврининг оғир ва кенг кўламли асоратларини йўқотиш 1991 йили миллий давлатчилигимизни тиклаганимиздан кейинги 25 йил ичида ҳам ўта қийин кечди.

Бир сўз билан айтганда, 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтган эркин сайлов натижасида 88,61 фоиз овоз олиб, Ўзбекистон Президенти бўлган Шавкат Мирзиёев олдида сўнгги 500 йилдан ортиқ жуда катта муддат ичида йиғилиб қолган, бир-биридан чигал ва оғир сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва ташқи муаммоларни енгиб ўтиш тарихий вазифаси турар эди.

Шу ўринда ўзбек ва араб халқларида бор бир ҳикматни эсга олган бўлардик: “Аллоҳнинг изнисиз ҳатто япроқ ҳам ерга тушмайди”.

Чиндан ҳам тилга олинган ярим минг йиллик муаммолар ечимини топиш, давлат ва жамият туриш-турмушини бутунлай янгича асосда қайта қуриш ва бу тарихий ўзгаришларни халқи, айниқса, ижтимоий заиф қатламларни қийин аҳволга солмасдан бажаришга фақат ва фақат шунга мутаносиб буюк шахс, донишманд ва адолатли етакчи қодир бўла оларди. Ўтган ўта қисқа муддат — ўн йиллик натижалар Шавкат Мирзиёев айнан шундай кўлам ва юксак мақомдаги ислоҳотчи эканини тўлиқ тасдиқлади.

Яна бир муҳим қонуният Шавкат Мирзиёевнинг таржимаи ҳолидаги энг муҳим жиҳатлардир. Уларни билиш, бир томондан, бу дунёда ҳеч бир нарса, айниқса, оламшумул ютуқлар ўз-ўзидан бўлмаслиги ҳикматини яна бир марта исботласа, иккинчи томондан, ҳар қандай эзгу ният, буюк ғоя, улкан режаларни амалга ошириш учун шахсда шунга яраша истеъдод ва куч ҳам бўлиши шартини тасдиқлайди!

Шу маънода, Шавкат Мирзиёев:

1. Миллий қадриятларимиз ва замонавий илғор қарашлар уйғун оилада туғилиб ўсган, таълим-тарбия топган.

2. Билимга ўта чанқоқ бўлган, ўз устида узлуксиз ишлашдан ҳеч қачон тўхтаган эмас.

3. Ўқитувчилик ва олимлик машаққатини бошидан ўтказган.

4. Халқининг тарихи, маданияти, адабиёти, эътиқоди, қадриятлари, феъл-атворини ўта яхши билган.

5. Ўзбекистон учун энг оғир пайтларда университет проректори, парламент аъзоси, туман, вилоят ҳокими, Бош вазир сингари фаолият босқичларини бошдан кечирган.

6. Давлат бошқарувининг энг қуйидан юқоригача бўлган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий тизими ва ўзбек халқи барча қатламларининг туриш-турмуши, орзу-ҳаваслари, дард ва муаммоларини ўзидан ўтказган.

7. Марказий Осиёдаги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазият, халқаро муносабатлар, жумладан, туркий дунё, ислом оламидаги аҳвол юзасидан чуқур билим ва аниқ қарашларга эга бўлган.

8. Ўзбекистонни ўзгартириш, янгилаш бўйича аниқ мақсади, билими ва дастури бўлган.

Янги Ўзбекистоннинг мазмун-моҳияти нималардан иборат?

Ушбу саволга мазкур тарихий ғоя эгасининг ўзигина энг тўғри жавоб бериши табиий ва уни биз бугун тақдимоти қилинаётган китобдан топамиз. Демак, Янги Ўзбекистон бу:

Биринчидан, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар, суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат, очиқ ва адолатли жамиятдир.

Иккинчидан, ҳар бир ўзбекистонликка ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун барча имкониятлар яратилган, эркин ва фаровон, қудратли мамлакатдир.

Учинчидан, соғлом, билимли ва маънавий баркамол инсонлар юртидир.

Тўртинчидан, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим ва ажралмас бўғинига айланган, кучли иқтисодиётга эга давлатдир.

Бешинчидан, инсон ва бизнес манфаатлари адолатли қонунлар асосида ҳимоя қилинадиган жамиятдир.

Олтинчидан, мамлакат ичкарисида ёки хорижда бўладими, ватандошларимизни ҳар қандай шароитда ҳам ҳимоя қила оладиган, чегаралари ишончли қўриқланадиган, хавфсиз ва барқарор давлатдир.

Ўз тарихий вазифасини бажариш йўлида Шавкат Мирзиёев ишни нимадан бошлаган эди?

Ўтган ўн йиллик туб ўзгаришлар ва янгиланишларнинг тирик гувоҳи, ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг фаол қатнашчиси ва таҳлилчиси ўлароқ қуйидагиларга диққатни қаратган бўлар эдик. Шавкат Мирзиёев:

1. Энг аввало, халқига эркинлик берди — сиёсий, иқтисодий ҳамда сўз ва фикр эркинлиги!

2. Бундан буён халқ давлат хизматида эмас, давлат халқ хизматида бўлишини ­эълон қилди ва давлат бошқарувининг ушбу сиёсат негизида ишлаш тизимини яратди ҳамда унинг очиқлигини таъминлади.

3. Инсон қадри барча нарсадан устунлиги, инсон эртага эмас, бугун яхши яшаши кераклигини эълон қилди ва давлат бошқарувининг барча бўғин ва поғоналарини айнан шу қоидага кўра ишлашга ўтказди.

4. Ижтимоий ҳимоя тизимини тубдан ўзгартирди, ўн йиллар ичра тан олинмай келинган ҳақиқат — Ўзбекистонда камбағаллик борлигини очиқчасига эълон қилди ва уни йўқотишнинг самарали ва бутунлай янгича тизимини яратди.

5. Чалакам-чатти эмас, росмана бозор иқтисодиётига ўтиш заруратини эълон қилди ва ушбу жараённинг адолатли ва қонуний негизини барпо этди.

6. Ёшларни ҳар томонлама авайлаш ва қўллаб-қувватлашнинг замонавий тизимини яратди, уларнинг таълим-тарбия олиши, соғлиғини сақлаш, иш билан таъминланишини давлат сиёсатининг устувор йўналишлари қаторига қўйди.

7. Жамиятдаги маънавий-маърифий муҳитни тубдан яхшилаш, тарихий-маданий меросимизни асраш, тарғиб этиш, ота-боболаримиздан ўтиб келаётган диний эътиқоднинг илмий ва маърифий ўзагини мустаҳкамлаш ишларига шахсан бошчилик қилди.

8. Таълим-тарбия, илм-фан, маданият, сайёҳлик йўналишларининг ташкилий, ҳуқуқий ва моддий пойдеворини тубдан янгилади.

9. Тилга олинган барча йўналишларнинг конституциявий ва ҳуқуқий асосларини янгилади, замонавийлаштирди.

Янги Ўзбекистон тарихий босқичи бошланган 2016 йил кузи жуда яхши эсимизда. Бугун 2026 йил сўнгида турибмиз. Ўн йил қандай ўтиб кетганини билмай ҳам қоласан киши.

Бироқ ушбу муддат шунчаки кечгани йўқ. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ўзаги ҳамда ташқи кўрки бутунлай ўзгариб кетди. Бундан атиги ўн йил бурун ҳатто орзу қилиш мумкин бўлмаган воқеликлар юзага келди.

Энг муҳими, Шавкат Мирзиёев ўзбек халқининг турмуш тарзи ва дунёқарашини ўзгартиришга эришди.

Янги Ўзбекистонда қўлга киритилган бош ютуқларимиз

1. Жамиятимизда эркинлик ва очиқлик муҳитининг сиёсий, ҳуқуқий ва иқтисодий пойдевори яратилди. Ўз сўзини бемалол айтиш ва эркин фикр юритиш Янги Ўзбекистон турмуш тарзининг ажралмас ва табиий бўлагига айланиб бўлди.

Бугун ОАВ сони 2016 йилдагига нисбатан деярли икки мартага кўпайиб, 2700 тага етди. Энг муҳими, уларнинг 67 фоизи, ноширликнинг 90 фоиздан ортиғи, матбаа корхоналарининг 83 фоизи хусусийдир.

Аҳоли яшаш манзилларининг 99,5 фоизи интернет тармоғи билан қамраб олинган, 10 ёшдан катта аҳоли орасида интернет фойдаланувчилари улуши эса 97,3 фоизни ташкил этмоқда. Оптик толали алоқа тармоқлари қамрови деярли 100 фоиз.

2. Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси, яъни фуқароларнинг тўғридан тўғри давлат раҳбари ва унинг маъмуриятига мурожаат қилиш, муаммоларини ҳал қилиш тизими яратилди.

Ўзбекистон учун бутунлай янгилик — Давлат хизматлари марказлари тизими тузилди. У орқали бугун 624 турдаги хизмат кўрсатилмоқда ва ушбу хизматларнинг 86 фоизи онлайн равишдадир.

3. Ўзбекистон ижтимоий давлат ўлароқ эълон қилинди ва бу Конституцияда муҳрланди. Ўтган ўн йилда ўзбекистонликларнинг яшаш шароитлари тамоман ўзгарди.

Бугунги Ўзбекистонни улкан қурилиш майдонига ўхшатиш мумкин. Янги шаҳарлар, жумладан, 2 миллион аҳолига мўлжалланган Янги Тошкент шаҳри, туманларда “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этилмоқда. Ўтган ўн йилда 650 мингдан ортиқ оила ўз уйига эга бўлди.

Камбағаллик даражасини 2017 йилдаги 35 фоиздан 2026 йили 4 фоизга туширишга эришилди. Натижада 10 миллион юртдошимизнинг турмуш сифати бутунлай яхшиланди.

4. Бозор иқтисодиёти талабларига риоя қилиш, рақобатбардошлик, шахсий манфаатдорлик, қонун устуворлиги омилларини кучайтириш, очиқликни таъминлаш, валюта, солиқ, божхона ва сармоялар сиёсатида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги Конституцияда белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон бугун “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан ўрин олди. 10 йил бурун иқтисодиётимизга йилига 2-3 миллиард доллар чет эл сармояси кириб келган бўлса, ҳозирги пайтда ушбу кўрсаткич 40-50 миллиард долларга етди.

Ялпи ички маҳсулот 2016 йилдаги 45 миллиарддан 2026 йили 200 миллиард долларга, аҳоли жон бошига даромад эса 1231 доллардан 5200 долларга етиши кутиляпти, яъни тўрт мартадан ортиққа ўсмоқда.

5. Айнан Янги Ўзбекистонда халқимиз “яшил иқтисодиёт” нималигини ўз кўзи билан кўрди, кундалик турмушида ҳис қилди.

2016 йили қуёш энергетикаси улуши 0,3 миллион киловатт-соат бўлгани ҳолда 2026 йили 8 миллиард киловатт-соатга етди, яъни деярли 27 минг карра ошди ва барча турдаги энергетика манбаларининг 31 фоизини ташкил этди.

Қишлоқ хўжалигида ўн йил бурун атиги 19 минг гектар ерда сувни тежаш технологиялари қўлланган бўлса, 2026 йили ушбу кўрсаткич 2,8 миллион гектарга етди, яъни деярли 150 карра ўсди.

Ўрмон ерларининг майдони 2016 йилдаги 2,9 миллион гектардан 2026 йили салкам 5 миллион гектарга кўпайди.

6. Ўтган ўн йилда аҳолимиз 8 миллионга кўпайгани шароитда ҳам боғча қамрови 27 фоиздан 78 фоизга етказилди. Мактабларда 1,5 миллион қўшимча ўқувчи ўрни яратилди. Тарихда илк бор Президент, ижод ва ихтисослашган мактабларнинг бутунлай янгича тизими ташкил этилди. Университетлар сони 70 тадан 215 тага, талабалар сони 270 мингдан 1,6 миллион нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағ 8 каррадан ошиб кетди. Ўтган 10 йилда 652 та янги тиббиёт муассасаси барпо этилди, хусусий тиббиётга кенг йўл очилди.

Илгари чет элларда амалга оширилган 100 дан ортиқ турдаги мураккаб ташхис ва даволаш усуллари бугун юртимизда ҳам мукаммал бажарилмоқда. Ўзбекистон аҳолисининг ўртача умр кўриш давомийлиги эса 73,7 дан 76,4 ёшга етди. Гўдаклар ва оналар ўлими кўрсаткичи 4 карра камайди.

7. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Маънавият ва маърифат кенгаши раиси сифатида миллий тарих, маданият, қадриятларимизни кўз қорачиғидек асраш, оила ва таълим-тарбия тизимида оқилона қўллаш, ислом динининг тинчлик, яратувчанлик ва маърифатпарварлик аҳамиятини мустаҳкамлаш ишларига шахсан бош-қош бўлмоқда.

Бу борада 2026 йил алоҳида тарихийлик касб этади. Негаки, ушбу санада Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуалари каби тенги йўқ илмий-маърифий масканлар барпо этилди.

8. 2023 йили янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинди. Шу тариқа Янги Ўзбекистоннинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий асосларининг ҳуқуқий тизими мустаҳкамлаб қўйилди.

9. Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўра билиш, минтақавий ва ялпи халқаро вазиятни оқилона баҳолай олиш, ўзаро муносабатларда адолат мезонига риоя қилиш, инсонсеварлик фазилатлари шарофати билан ўн йил бурун хомхаёл саналган қуйидаги натижаларга эришилди:

1. Уруш ёқасига келиб қолган, давлатлараро чегаралар ёпилган, ҳатто миналаштирилган Марказий Осиёда ўзаро ишонч, аҳил қўшничилик, стратегик шериклик ва дўстлик алоқалари тикланди.

2. Сўнгги қирқ йил ичида хавф-хатар ўчоғи ўлароқ қабул қилинган Афғонистон билан босиқ ва конструктив сиёсат ўрнатилди.

3. Араб ва мусулмон дунёси давлатлари билан тарихий муносабатларимизга янгича руҳ ва сифат бағишланди. Ислом оламининг Макка ва Мадина, Самарқанд ва Бухоро, Хива ва Термиздаги муқаддас зиёратгоҳларига бориш-келишлар учун энг қулай шароитлар яратилди.

4. Европа Иттифоқи, Америка, Осиё-Тинч океани минтақаси билан муносабатларимиз янада мустаҳкамланди. Шарқий Европа, Африка ва Лотин Америкасида янги ҳамкорлик йўналишлари очилди.

5. Юртимиз билан дипломатик муносабат ўрнатган давлатлар сони деярли 170 тага етди.

“Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” асари юқорида урғу берилган омиллар шунчаки каминанинг шахсий кечинмалари эмас, балки аниқ далил ва натижаларга эгалигини исботлайди. Энг муҳими, улар Ўзбекистон, Марказий Осиё доирасидагина эмас, балки, ҳеч бир муболағасиз, замонамиз ва кишилик тарихидаги самарали ислоҳотчи ва янгиловчи ўлароқ эътироф этилаётган Шавкат Мирзиёев ва Янги Ўзбекистон ҳақиқатини ойдинлаштириб беради!

Азамат ЗИЁ,

ЎзФА Тарих институти директори, академик,

Олий Мажлис Сенати аъзоси