Ҳужжат билан экологик хавфсизликни таъминлаш, хавфли саноат чиқиндиларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларни рақамли назорат қилиш бўйича янги механизмлар жорий этилмоқда.

Президент қарорига мувофиқ, 2030 йилгача мўлжалланган Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси доирасида тоғ-кон, металлургия, кимё саноати, нефть-газ ҳамда электр энергетикаси корхоналарида ҳосил бўладиган радиоактив ва I–IV хавфлилик синфига мансуб кимёвий хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 20 фоизга етказиш белгиланди.

Ҳужжатда қайта ишлаб бўлмайдиган хавфли чиқиндиларни хавфсиз ва минимал ҳажмда жойлаштириш, махсус объектларда сақланаётган чиқиндиларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш ҳамда уларнинг манбалари, ҳажми, таркиби ва жойлаштириш жойлари бўйича давлат ҳисобини юритиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.

Қарорга кўра, 2027 йил 1 январдан хавфли чиқиндиларни ҳосил қилувчи ташкилотлар экологик экспертиза хулосаси асосида Чиқиндиларни бошқариш ва сиркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бошқармалари билан келишилган ҳолда йиллик режалар ишлаб чиқади.

Унда чиқиндилар ҳажмини камайтириш, қайта ишлаш улушини ошириш ҳамда уларни фақат тегишли ваколат, инфратузилма ва ижобий экологик экспертиза хулосасига эга ихтисослашган ташкилотларга зарарсизлантириш, утилизация қилиш ёки кўмиш учун топшириш назарда тутилган. Зарур имкониятларга эга ташкилотларга ушбу ишларни мустақил амалга ошириш ҳуқуқи ҳам берилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 октябрдан хавфли чиқиндиларни ҳосил қилувчи ташкилотлар статистик ҳисоботларни шакллантириб, ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 20 санасига қадар Агентликнинг ахборот тизимига киритиб бориши шарт бўлади. Бу талаблар бажарилиши устидан назоратни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Давлат экологик назорат инспекцияси — Экополиция амалга оширади.

Қарор билан хавфли ва радиоактив чиқиндиларни бошқариш соҳасида институционал ўзгаришлар ҳам амалга оширилади. Жумладан, Агентлик ҳузурида Хавфли чиқиндиларни бошқариш дирекцияси ташкил этилади.

Шу билан бирга, Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти ҳузуридаги Республика радиоактив чиқиндиларни сақлаш маркази ўз вазифа ва ваколатларини сақлаб қолган ҳолда Агентлик тизимига ўтказилади.

Уран мероси объектларини экологик қайта тиклаш ишларида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси махсус ваколатли орган, Экология қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва сиркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги эса оператор сифатида белгиланди.

Фойдаланишдан чиқарилган махсус чиқинди сақлаш объектлари уларни экологик тиклаш учун ажратилган маблағлар билан бирга Агентлик тасарруфига бепул ўтказилади. Дирекциянинг хўжалик фаолиятидан олинадиган соф даромадининг 50 фоизи, шунингдек, рекультивация маблағлари объектларни қайта тиклаш ва узоқ муддатли мониторинг ишларига йўналтирилади.

Қарорда соҳани рақамлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 2027 йил 1 январга қадар махсус ахборот тизими ишлаб чиқилиб, хавфли чиқиндиларнинг рақамли паспорти яратилади. Натижада I–III хавфлилик синфига мансуб чиқиндиларнинг ҳар бир тоннаси ҳосил бўлган жойидан то утилизация қилинишига қадар реал вақт режимида мониторинг қилиб борилади.