Аввалроқ Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг Карвонсарой маҳалласида аҳоли билан ўтказган учрашувида маҳалла аҳли чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб кетилмаётгани масаласини кўтарган эди. Мурожаатда чиқиндиларни олиб чиқиш хизмати баъзан икки ойда бир марта амалга оширилаётгани айтилган.

Шундан сўнг Карвонсарой, Ховособод ва Еттигузар маҳаллаларида маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқишнинг янги тартиби ишлаб чиқилди.

Унга кўра, учта маҳаллага учта замонавий электр мотоулов ажратилди. Улар хонадонлар ва чиқинди ташувчи катта техника кириши қийин бўлган тор кўчалардан маиший чиқиндиларни йиғиб, махсус вақтинча чиқинди йиғиш шохобчаларига олиб боради.

Йиғилган чиқиндилар эса шу куннинг ўзида катта махсус транспорт воситалари орқали полигонга олиб кетилиши режалаштирилган.

Бу тизим чиқиндиларни хонадонлардан тезкор йиғиш, катта техниканинг ҳар бир тор кўчага кириб чиқишига бўлган эҳтиёжни камайтириш ҳамда транспорт ва вақт сарфини тежашга қаратилган.

Айни пайтда маҳаллалар кесимида чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиш графиклари ишлаб чиқилмоқда.

Эътиборлиси, аҳоли томонидан кўтарилган муаммо амалий ечимга эга бўлди. Энди асосий вазифа — янги тизимни барқарор ишлатиш ва маҳаллаларда чиқиндилар тўпланиб қолишига йўл қўймаслик.