Уларнинг юрт тупроғига эҳтироми юрагимни жимирлатади. Ватан ҳамиша инсоннинг кўз олдида бўлиши кераклигига яна бир бор амин бўламан:
Бу ҳолатдан жуда қаттиқ ўйга толдим,
Тунлар
ётсам кўз олдимда турар Ватан.
Эй
митти қуш, санъатингга қойил қолдим,
Дўстлашайлик,
кел, бир умр сенинг билан...
Отам
бежиз эшикларимизни очиб қўймаган экан. Қалдирғочларнинг кишини ўйга
толдирадиган бу масъулиятли дарси чиндан ҳам мен учун ҳамиша Ватан дарси бўлиб
қолади:
Эшикларим
сизлар учун очиқ эрур,
Қанот
қоқиб кулбам аро келаверинг.
Сиз берган дарс менга Ватан дарси бўлсин,
Қанча
дарсингиз бўлса гар бераверинг!
Болаликнинг
беғубор дамларини эслайман. Отам ва онамнинг атрофида қалдирғочдек чуғурлашиб
юрган кезларимизни соғинаман. Биз — 12 фарзанднинг барча ташвишини сабр ва
матонат билан елкасига олган у икки зотнинг нурли ёдига хаёлан сайр қиламан.
Бир умр кетмони елкасидан тушмаган отам ўз умрини шўро тузумининг шафқатсиз
азоблари ичида ўтказди. У бизни кўпроқ китоб ўқишга ундарди. Достонларни юраги
сел бўлиб ўқийдиган достонхон отамнинг ноласи кўпларнинг дилини ларзага
солганига гувоҳман. Айниқса, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларига бундай мутолаа
ўзгача кайфият бахш этар, эшитганида ёш боладек ҳўнграб-ҳўнграб йиғларди. Мен
китобнинг сеҳрини ўшанда англаганман. Биз — қаттол тузумнинг кирдикорларидан
безган одамлар ҳаётини кўрган авлодмиз. Ушбу кечмишлар ижодкор учун
битмас-туганмас достондир...
Бугун
мен гуллаб-яшнаётган янги Ўзбекистонимиз қучоғида кечаётган завқли лаҳзалар
ҳақида сўз юритмоқчиман. Атрофга боқиб, отамнинг орзулари рўёбга чиққанига
гувоҳ бўламан. Серқуёш юртимизнинг мусаффо осмонида чуғурлаб учаётган
қалдирғочларнинг қувончи ичига сиғмайди. Давлатимиз раҳбарининг мамлакат
дарвозаларини тинчликсевар халқлар учун кенг очиб қўйгани бежиз эмас. Шунинг
учун тинчликка маҳлиё бўлган дунё аҳли янги Ўзбекистонга талпиниб келмоқда.
Улар термизийлар, бухорийлар, фарғонийлар, хоразмийлар ва яна қанчадан-қанча беҳисоб
даҳоларни етиштирган табаррук тупроғимиз узра сайр этар экан, ер юзида шундай
саховатли замин борлигини қайта кашф этмоқда. Яқинда Ислом цивилизацияси
марказига борганимда эртакнамо бино атрофида турли тилда сўзлашиб, кўзини
осмонга тикканча ҳаяжонини яширолмаган сайёҳларнинг ҳайратидан ўзим ҳам
ҳайратландим. Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасига борганимда эса бу ҳолатни
янада чуқур ҳис қилдим.
Ўша
олисдаги “Дийдор” номли маҳалламизнинг беғубор одамларини соғинганимда Сурхонга
ошиқаман. Юрагим қанот чиқаради. Кўз олдимдан хотиралар чирпирак бўлиб ўтади.
Отамни қаритган дашту далалар, онамнинг туну кун кўнглини ёритган тандир кўз
олдимда намоён бўлади. Пурвиқор тоғлар билан туташиб кетган маҳалламиз
қиёфасининг гўзаллашиб бораётганидан кўз қувнайди. Салкам 8000 киши яшайдиган
Дийдор маҳалласининг тенгсиз жамолига маҳлиё бўлиб, қишлоқ оралар эканмиз, ҳудуд
сўнгги беш-олти йилда таниб бўлмайдиган даражада ўзгарганига гувоҳ бўламиз.
Бу
— менинг маҳаллам. Отам бир пайтлар менга: “Маҳалладан узоқлашма, унинг
хизматини қилишдан толмагин, болам”, дер эди. Бугун шу маҳаллага кенжа ўғлим
Исломжон раислик қилмоқда. Аввалига унинг бу оғир ва масъулиятли вазифани
зиммасига олганидан бир оз хавотирлангандим. Унга: “Сен ҳали ёшсан. Маҳалла —
жуда катта даргоҳ, салкам 8000 кишига бош бўлиш сенинг ёшингда оғирлик қилади”,
де-гандим. Ўшанда 27 ёшни қаршилаган ўғлим, назаримда, маҳаллани бошқаришга
ёшлик қиладигандек кўринган эди. Кейин эса унинг бу ишга қатъият билан
киришганини кўриб, ўзим ҳам фахрландим. Давлатимиз раҳбарининг ёшларимизга
билдираётган тенгсиз ишончи бежиз эмаслигига яна бир бор гувоҳ бўлдим.
Бугунги
Дийдор маҳалласига кўплар ҳавас билан қарайди. Ҳавас қилишга арзигулик ишлар қилинса,
эл мамнун яшайди. Маҳалладаги 100 ўринли болалар боғчасида 1 миллиард 200
миллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. Ҳудудда жойлашган 36-мактабда 5 миллиард
сўмлик 250 ўринли, 73-мактабда эса 3,5 миллиард сўмлик 160 ўринли қўшимча
бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Маҳалланинг 13 та кўчасига тўлиқ тунги ёритқичлар ўрнатилди ва 170 га яқин симёғоч янгиланди. Ҳудуд аҳли ҳашар йўли билан қилган ишларнинг эса ҳисоби йўқ. Бундай мисоллар жуда кўп. Нима бўлганда ҳам биргина маҳалланинг ўзида қанчадан-қанча хайрли ишлар қилинганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
АХТАМҚУЛИ,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси, шоир