Иккинчи жаҳон уруши… Бу сўзлар ортида миллионлаб тақдирлар, узилган умрлар, кўзи ёшга тўлган оналар, отасини кутган болалар, севгисини йўқотган ёшлар қисмати мужассам. Бу — инсоният бошдан кечирган энг даҳшатли фожиалардан бири. Аммо айни пайтда инсон иродаси, матонати ва Ватанга муҳаббати энг юксак даражада намоён бўлган даврдир.

Ўзбекистон халқи бу урушда мислсиз жасорат кўрсатди. Миллионлаб юртдошларимиз фронтга отланди, минглаб оилалар эса азиз яқинларини ортга қайтмас йўлга кузатди. Улар қайтишга ваъда берган эди… Лекин уруш ваъдаларни тингламайди. Орзуларни чилпарчин қилади, тақдирларни ўзгартиради.

Қанчадан-қанча оналар умри охиригача эшикка қараб, “балки ўғлим кириб келар” деган умид билан яшади. Қанчадан-қанча фарзандлар отасининг қўлини тутиш бахтидан маҳрум бўлди. Бедарак йўқолганлар сони шунчаки рақам эмас, бу — тугалланмаган тақдирлар, айтилмай қолган сўзлар, армон бўлиб қолган учрашувлар.

Бу тарихий хотирани асраш, қаҳрамонларимизни ёд этиш ва жасоратидан ибрат олиш муқаддас бурчимиз. Чунки хотира бор экан, миллат барҳаёт, қадриятлар бардавом, тинчлик эса мустаҳкам бўлади.

Президентимиз раҳбарлигида Иккинчи жаҳон уруши йилларида жасорат ва матонат, меҳр-оқибат ва олижанобликнинг юксак намунасини кўрсатган халқимизнинг буюк ғалабага қўшган муносиб ҳиссаси билан боғлиқ хотирани сақлаб қолиш борасида улкан ишлар қилинмоқда.

2020 йилга қадар уруш бошланган пайтда юртимиз аҳолисининг 1 миллион 500 мингга яқини урушда иштирок этган дейилар эди.

Президентимиз ташаббуси билан Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги тарихимизни ўрганишда том маънода янги давр бошланди. Жаҳон архивлари ўрганилиб, янги топилган маълумотлар таҳлил қилинди. Натижада Ўзбекистондан 1 миллион 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилгани аниқланди. Демак, ҳар уч ўзбекистонликдан бири қўлига қурол олиб, фашизмга қарши жанг қилган. 451 минг юртдошимизнинг номи ва тақдири шунча йил давомида эътибордан четда қолиб келган.

Бундан ташқари, илгари 396 минг ўзбекистонлик урушда ҳалок бўлган дейиларди. Аслида, бу рақам 538 мингдан зиёд бўлган, 158 мингдан кўпроғи бедарак йўқолган.

Илмий изланишлар натижасида орден ва медаллар билан мукофотланган ўзбекистонликлар сонига ҳам ойдинлик киритилди. Илгари бу кўрсаткич 120 минг деб қайд этилар эди. Янги маълумотларга асосан Иккинчи жаҳон урушида 200 мингдан зиёд аскар ва офицерларимиз жанговар давлат мукофотлари билан тақдирлангани аниқланди. Жумладан, илгари 280 нафар деб келинган ўзбекистонлик совет иттифоқи қаҳрамонлари сони 301 нафар экани, 70 нафар юртдошимиз учала даражадаги “Слава” ордени билан тақдирлангани ўз тасдиғини топди.

Шу ўринда ўзбек ўғлони Сирожиддин Валиевнинг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган матонатини эслаб ўтиш жоиз. Уруш бошланганида у ҳарбий хизматда эди. Жанубий фронтнинг 74-ўқчи дивизияси алоҳида разведка ротаси взвод командири, кичик лейтенант Сирожиддин Валиев топшириқларни бажариш давомида бир ўзи сон жиҳатидан кўп бўлган душманга қарши жанг қилади. Кейинчалик армия генерали бўлган, уруш йилларида дивизия комиссари Евдоким Мальцев “Синовли йиллар” китобида Сирожиддиннинг жасоратини бундай хотирлайди:

“Душман томонидан аҳоли пунктларининг доира принципи бўйича мудофааси мустаҳкам эди ва уни ёриб кириш деярли имконсиз деб ҳисобланарди. Таянч пунктлар оралиғидаги йўллар патруль билан қўриқланарди. Шунга қарамай, Валиев разведкачилари шовқин қилмай соқчиларни олиб ташлаб, қишлоққа киришга муваффақ бўлди. Улар билдирмасдан фашистларнинг танклари турган колхоз ҳовлисига ёнилғи аралашмаси солинган бутилка ирғитди. Ортга қайтаётганда ваҳима билан югуриб чиққан икки танкчини қўлга олишди. Разведкачиларимиз артиллериячиларимизга беқиёс ёрдам кўрсатди”.

Сирожиддин Валиев “Жасурлиги учун”, “Жанговар хизматлари учун” медаллари билан тақдирланган. 1942 йил 20 июнь куни Еленовка қишлоғида душман тўдасига қарши жанг қилаётганида оғир ярадор бўлади. Бироқ сафдошларини таъқибдан қочириш учун уни қолдиришларига кўндиради ва ўзи ўрмонда жон беради...

Ёзувчи Борис Горбатов “Она заминимизнинг ҳар қаричи” мақоласида Сирожиддин Валиев номини алоҳида ҳурмат билан тилга олади: “Фарғоналик ўзбек разведкачиси Сирожиддин Валиевдан ҳам ажойиб жангчи бутун фронтимизда йўқ эди. Унинг ватанида — олтин Фарғонада муздек сувлар ариқларда шилдираб оқади. Валиев эса менинг чанг-тўзонли ва тутун босган Донбасим учун жанг қилгани келди. Унинг ватанида шамшод тераклар остида аждодлари тинч ётибди. Сирожиддин Валиев эса шахта ёнидаги жангда ҳалок бўлди ва шу ерда кўмилди.

Валиев дафн қилинаётганда бутун дивизия йиғлади. Таманлик темир иродали жангчилар кўз ёшини яшира олмади. Подполковник йиғлади, комиссар кўз ёшларини артди. Аммо оддий граждан кийимидаги жиккаккина кампир ҳаммадан кўп йиғлади. Валиев унинг уйида турган эди. Кампир уни ўзининг учинчи ўғли деб билар эди.

Кампир бизга бошқа икки йигитнинг суратини кўрсатди... Улар қаердадир ғарбий фронтда жанг қилмоқда. Аммо ўрта бўйли, буғдойранг, сочи ва кўзи тим қора ўзбек йигитини ўғлим деб атаганида, бирортамиз ҳам ажабланмадик.

Ҳақиқатан, у кампирнинг ўғли эди. Бу оташин ўзбек йигити ўғил каби ўз онаси учун чинакам жанг қилган йигит эди... Биз Валиевни унутмаймиз”, деб ёзади ёзувчи Борис Горбатов.

Уруш йилларида фақат алоҳида қаҳрамонлар эмас, балки бутун халқ — ёшу қари, эркак-аёл бирдек сафарбар этилди. Ана шундай умумхалқ қаҳрамонлиги замирида мард ўғлонларнинг муносиб ҳиссаси бор эди. Жумладан, 24 ёшда қаҳрамон бўлган Қўчқор Турдиев, генерал Собир Раҳимов, Шароф Рашидов, Зебо Ғаниева, Мамадали Топиволдиев, Аҳмаджон Шукуров ва бошқа кўплаб ватандошларимизнинг жасорати алоҳида ­эътирофга лойиқ.

Бундан ташқари, Иккинчи жаҳон урушида бевосита жанговар ҳаракатларда аёллар ҳам қатнашган. Давлат мудофаа қўмитаси урушнинг илк кунларидан бошлаб аёлларни ҳам урушга юбориш борасида қатор қарорлар қабул қилган. Аввалига кўнгилли бўлиб фронтга борилган бўлса, 1942 йил баҳоридан бошлаб ҳаракатдаги қўшин сафига аёлларни оммавий сафарбар этиш бўйича бир тўхтамга келинган.

Ўзбекистондан 4555 аёл урушда қатнашган. Улар орасида алоқачи, учувчи, мерган, зенитчи, тиббий ходим ва разведкачилар бор эди. Ўзбекистонлик Зебо Ғаниева ҳам қаҳрамон бўлган.

Ўша оловли йилларда Ўзбекистонда етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган бутун халқимиз, жумладан, аёллар ва ёш қизлар “Ҳамма нарса фронт учун, ҳамма нарса ғалаба учун!” деб яшади. Ором ва ҳаловатдан воз кечиб, тинимсиз оғир меҳнат қилди. Республикамиз фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланди.

Урушининг бошланғич давридаги энг мураккаб вазифалардан бири иқтисодиётни ҳарбий изга солиш эди. Бу масъулиятли топшириқни собиқ иттифоқнинг қарийб 40 фоиз аҳолиси истиқомат қиладиган, кўмирнинг 63 фоизи қазиб олинадиган, пўлатнинг 50 фоизи ишлаб чиқариладиган, доннинг 38 фоизи етиштириладиган, айниқса, кўпгина мудофаа корхоналари жойлашган ҳудудни фашистлар босиб олган бир пайтда ҳал қилиш керак эди.

Шу боис, Ўзбекистон уруш майдонларига жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берадиган муҳим таянч марказлардан бирига айланди.

Ишлаб чиқариш корхоналари ҳарбий мақсадда қайта ташкил этилди. Жумладан, кўп миллатли аҳолимизнинг фидокорона меҳнати билан ўша вақтдаги 300 га яқин корхонада ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Шу даврда фронт ҳудудларидан юртимизга 151 та завод кўчириб келтирилиб, қисқа муддатда ишга туширилган.

Бундай мисоллар ғалаба биз учун нақадар қимматга тушгани, халқимиз дунёни фашизм балосидан халос этишга нечоғлиқ салмоқли ҳисса қўшганини яққол кўрсатади.

Энг таъсирлиси, халқимизнинг инсонпарварлигидир.

Ўзбекистон уруш туфайли уй-жойи, ота-онаси ва қариндошларидан ажралган, фронт ҳудудларидан кўчириб келтирилган қарийб 1 миллион 500 минг кишини ўз яқинларидек кутиб олди. Уларнинг 250 мингдан зиёди болалар эди. Уларга қарийб 150 минг квадрат метр ҳажмда уй-жой ажратиб берилди.

Ўзбек оилалари эвакуация қилинганлар билан сўнгги бурда нони ва бошпанасини баҳам кўрди, кўплаб етим болаларга ота-оналик қилди. Халқимизнинг мусофирларга бошпана бериб, ота-онасидан жудо бўлган етим болаларни бағрига олгани инсонпарварликнинг чинакам намунасидир.

Бу рақамлар оддий статистик маълумотлар эмас, балки бошимиздан кечган мудҳиш уруш оқибатларини ҳеч қачон унутмасликка чақирувчи огоҳлик қўнғироғидир. Шу билан бирга, бугунги тинч ва гўзал ҳаётнинг қадрига етиб, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Тарихий адолат қарор топгани ҳар биримизга, айниқса, бугун ҳаёт бўлган уруш ва меҳнат фронти қатнашчиларига чуқур маънавий куч беришини таъкидлаш жоиз.

Президентимизнинг 2019 йил 23 октябрдаги “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори билан Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида Ғалаба боғи ташкил қилинди.

Бундан кўзланган асосий мақсад ҳозирги ва келажак авлодни ота-боболар руҳига ҳурмат кўрсатиш, миллатни севиш, юртнинг ҳар қарич тупроғини қадрлашга ўргатиш, эзгулик ва раҳмдиллик сингари кўп асрлик анъаналар руҳида тарбиялашдир.

Шу ўринда Ғалаба боғида уруш йилларида халқимиз кўрсатган беқиёс қаҳрамонликни улуғлайдиган, ўзида она Ватан тимсолини мужассам этган “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуасига қандайдир бадиий образ эмас, балки ҳаётимизда ҳақиқатдан рўй берган тарихий воқеа — зангиоталик Зулфия она Зокирова ва унинг оиласи тўғрисидаги факт асос қилиб олинган. Ғалаба боғининг марказида жойлашган бу муаззам тимсол барча Ўзбекистон оналарига қўйилган ҳайкал бўлиб, она Ватан рамзини ифода этади.

Бугун биз тинч осмон остида яшаяпмиз. Болаларимиз кулмоқда, ёшлар орзу, кексалар дуо қилмоқда. Аммо шу тинчлик ўз-ўзидан келган эмас. У — қон эвазига, жон эвазига, кўз ёшлари эвазига келган. Шунинг учун ҳам Хотира ва қадрлаш куни оддий сана эмас, балки виждон олдидаги ҳисоб-китоб, “Биз аждодларимизга муносиб бўляпмизми?” деган саволга жавоб излайдиган кундир.

Ана шу саволнинг ўзи бизни нафақат ўтмиш қаҳрамонлари жасоратини ёд этиш, балки мустақиллик йилларида Ватан ҳимояси йўлида жон фидо қилган ўғлонларимиз хотирасига ҳам чуқур эҳтиром билан бош эгишга ундайди. Зеро, улар Фарғона, Бўка, Паркент воқеаларида, 1999 йилги Тошкент портлашларида, 2000 йилги Сариосиё ва Узун тоғларидаги жанговар тўқнашувларда жонини фидо қилди. Уларнинг номи “Хотира китоблари”да, жасорати эса давлатчилигимиз пойдеворида мангу яшайди.

Мустақиллик йилларида Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган қаҳрамонларимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида Ғалаба боғи ҳудудида қатор маънавий-маърифий мажмуалар ҳам барпо этилганини алоҳида эътироф этиш лозим. Жумладан, мустақиллик даврида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари хотирасига бағишланган алоҳида ёдгорликлар ва рамзий иншоотлар ўрнатилган. Улар орасида қаҳрамонлар номи битилган лавҳалар, хотира деворлари ва махсус экспозициялар мавжуд. Бу ерга келган ҳар бир киши юртимиз ­тинчлиги йўлида жон фидо қилган ўғлонлар ҳақида чуқур тасаввурга эга бўлади.

Бу мажмуаларнинг асосий ғояси — қаҳрамонлар номини абадийлаштириш, жасоратини келажак авлодларга етказиш ва ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашдан иборат. Шу маънода, Ғалаба боғидаги мазкур ёдгорликлар нафақат тарихий хотира, балки юксак маънавий тарбия мактаби вазифасини ҳам бажаради. Шу билан бирга, бугунги тинч ва гўзал ҳаётнинг қадрига етиб, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Қуролли Кучларнинг жанговар тайёргарлигини оширишдаги хизматлари, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ва тинчликни таъминлаш, барқарорлик ва жамоат тартибини мустаҳкамлаш борасида хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун ҳар йили ҳарбийларимиз давлат мукофотлари, хусусан, “Шон-шараф”, “Мардлик” орденлари ҳамда “Жасорат” ва “Содиқ хизматлари учун” медаллари билан тақдирланмоқда.

Бундан ташқари, Ватан ҳимояси, эл-юртимиз тинчлиги йўлида мардларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзолари ҳамда уларнинг қарамоғидаги шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ғамхўрлик қилиш, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш мақсадида қатор имтиёз ва кафолатлар берилмоқда. Бу, ўз навбатида, қаҳрамонларнинг номи ҳамиша барҳаётлиги, уларнинг ота-оналари, турмуш ўртоқлари ва фарзандлари доимий эътиборда эканининг ёрқин ифодасидир.

Болалигидан ана шундай юксак ғамхўрлик ва эътиборни ҳис қилиб келаётган ўғлонлардан бири — қаҳрамон чегарачи, катта лейтенант Шуҳратбек Собировнинг фарзанди, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларида хизмат қилаётган Шоҳжаҳон Собировдир.

2000 йил 17 август куни Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиси, катта лейтенант Шуҳратбек Собиров мамлакатимизга суқилиб кирган жангарилар тўдасига қарши кураш вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган.

“От изини той босар”, деганларидек, болалигидан ҳарбий либос кийишни орзу қилган Шоҳжаҳон 2017-2021 йилларда отаси таҳсил олган Чирчиқ олий танк ­қўмондонлик-­муҳандислик билим юртининг ҳаво десант қўшинлари тактик қўмондонлиги факультетида соҳа сир-асрорларини чуқур ўрганди.

2021 йилда лейтенант ҳарбий унвонини олгач, айнан отаси Шуҳратбек Собиров хизмат қилган Бўстонлиқ туманидаги ҳарбий қисмда гуруҳ командири лавозимида хизмат фаолиятини бошлади.

Шоҳжаҳон Собиров хизмат фаолиятини бошлаган чоғиданоқ синчковлиги, зийраклиги ва масъулияти билан касбий салоҳиятини намоён этиб, эришган натижалари, намунали ҳарбий интизоми, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси дахлсизлигини таъминлашдаги фаол иштироки ҳамда топширилган вазифаларни бажаришда кўрсатаётган юксак маҳорати ва ташаббускорлиги учун муносиб тақдирлаб келинмоқда.

Қаҳрамон юртдошларимиздан яна бири ҳарбий учувчи, майор Абдикарим Ҳамроевдир. Жанговар ҳаракатлар иштирокчиси сифатида у мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида кўрсатган жасоратлари учун 1995 йилда “Жасорат” медали, 1999 йилда “Шон-шараф” ордени билан тақдирланган. 2000 йили хизмат бурчини бажариш вақтида авиафалокат оқибатида ҳалок бўлган. Вафотидан кейин бир қанча эсдалик нишонлар билан мукофотланган.

Абдикарим Ҳамроевнинг фарзанди Анвар Ҳамроев ҳам бугун майор унвонига эга бўлиб, Ватанимиз тинчлиги йўлида хизмат қилмоқда.

Мустақиллик йилларида Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган қаҳрамонларимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида мактаблар, кўчалар ва маҳаллаларга уларнинг номи берилмоқда. Бу эса халқимизнинг жасорат ва садоқатни унутмаслигидан, қаҳрамонлар хотирасига чуқур эҳтиромидан ҳамда тарихий адолатни тиклашга қатъий иродасидан далолат беради.

Бугун Қуролли Кучларимиз жаҳон миқ­ёсида ҳам ўз салоҳиятини намоён этмоқда. Халқаро ҳарбий мусобақаларда эришилаётган юқори натижалар армиямизнинг қудрати, ҳарбийларимизнинг маҳорати ва Ватанга садоқатини яққол кўрсатмоқда. Буни мамлакатимиз Қуролли Кучлари вакилларининг нуфузли халқаро ҳарбий мусобақаларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келаётгани мисолида яққол кўриш мумкин. Жумладан, АҚШнинг Миссисипи штатида бўлиб ўтган “Энг илғор жангчи” мусобақасида ҳарбий хизматчиларимиз юқори касбий маҳоратларини намойиш этди ва фахрли биринчи ўринни эгаллади. Покистон Ислом Республикасида бўлиб ўтган VI халқаро “Жамоа руҳи” мусобақасида 11 та давлат жамоалари ўртасида бизнинг жамоа биринчи ўринга муносиб кўрилди. Жанубий Кореяда ўтказилган II “Халқаро мерганлар” ҳамда “Халқаро илмий-жанговар тайёргарлик” мусобақаларида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги терма жамоаси 10 давлатнинг 54 та жамоаси орасида 1-ўринни қўлга киритди. Туркияда бўлиб ўтган “Энг илғор мерган жамоаси” мусобақасида 11 давлатнинг 36 та жамоаси орасида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари 1-ўринни эгаллаш билан бирга бир нечта шартлар бўйича 5 маротаба рекорд натижаларни ҳам янгилади.

Бу ютуқлар ҳарбий хизматчиларнинг шахсий маҳорати ошаётгани баробарида Қуролли Кучларимизнинг ҳар қандай синовларга тайёр экани, Ватан тинчлиги ва халқ осойишталигини ишончли ҳимоя қилишга қодирлигини яна бир бор тасдиқлайди. Энг муҳими, халқаро майдонда қўлга киритилаётган ғалабалар ёш авлодда Ватанга муҳаббат, ҳарбийликка ҳурмат ва фахр туйғусини шакллантирмоқда. Ана шу юксак туйғулар эса, ўз навбатида, ёшларни аждодлар жасоратига муносиб бўлиш, улар қолдирган меросни қадрлашга ундайди.

Давлатимиз томонидан уруш қатнашчилари ва фахрийларига кўрсатилаётган юксак эътиборни шунчаки моддий ёрдам эмас, балки юракдан чиққан эътироф сифатида баҳоламоқ зарур. Ана шу юксак эҳтиром ва эътиборнинг амалий ифодаси сифатида давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ жорий йилда

9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 30 миллион сўмдан бир марталик мукофот пули берилиши белгилангани уруш қатнашчиларига қаратилаётган эътиборнинг узвий давомидир.

Бугун биз буюк ғалабанинг 81 йиллигини нишонлар эканмиз, унда Ўзбекистон халқининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини чуқур англаймиз ва фахр билан эътироф этамиз. Бугун ҳар бир сокин тонг, ҳар бир бола кулгуси, ҳар бир онанинг дуоси ўша қаҳрамонларнинг сўнгги нафаси, сўнгги орзуси билан суғорилган.

Агар биз шу тинчликни асрасак, бир-биримизни қадрласак, Ватанга садоқат билан яшасак, демак, улар беҳуда жон бермаган. Шунинг учун ҳам ҳар гал осмонга қараганимизда, юрагимизда битта садо янграсин: “Сизларни унутмадик ва ҳеч қачон унутмаймиз”.

Қутбидин БУРҲОНОВ,

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик

масалалари қўмитаси раиси