Фармонга кўра, 2026 йил ҳосилидан бошлаб Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Аграр соҳада тўловлар агентлиги (Агентлик) томонидан қуйидагилар компенсация қилинади:

пахта хомашёсини етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредитларни:

▪️ шартномада белгиланган муддатда қайтарган хўжаликларга ушбу кредитлар бўйича тўланган фоизнинг 2,5 фоизлик пункти;

▪️ ҳосил йилининг якунига (31 декабрига) қадар қайтарган хўжаликларга кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловларининг 5 фоизлик пункти;

буғдой етиштириш харажатлари учун ажратилган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг 1 августига қадар тўлиқ қайтарган хўжаликларга ушбу кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловининг 4 фоизлик пункти;

пахта хомашёсини харид қилиш учун пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда пахта хомашёсини қайта ишлаш ва ип-калава ишлаб чиқариш занжирига эга тўқимачилик корхоналарига ажратилган тижорат кредитлари бўйича тўланган фоиз тўловининг 8 фоиз пунктидан юқори, лекин 16 фоиз пунктдан ошмаган қисми.

Фармонга кўра, дизель ёқилғисини харид қилиш билан боғлиқ харажатларни қисман қоплаш мақсадида:

2026 йил 1 апрелдан 2026 йил 1 июлгача қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан биржа орқали харид қилинган ҳар бир тонна дизель ёқилғиси қийматининг 13 млн сўмдан ошган қисми учун, бироқ 2 млн сўмдан кўп бўлмаган миқдорда республика бюджети ҳисобидан Агентлик орқали субсидия ажратилади.

2026 йил 1 сентябрдан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг хўжаликларга қуйидаги субсидияларни ажратиш ваколати Агентликка ўтказилади:

қишлоқ хўжалиги субъектларига ўз маблағлари ҳамда тижорат банклари кредитлари ҳисобидан етиштирилган пахта хомашёсини биржада сотганда расмийлаштирилган электрон ҳисобварақ-фактура қийматининг бир қисмини қоплаб бериш;

пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда ип-калава ишлаб чиқариш занжирига эга тўқимачилик корхоналарига ўз маблағлари ҳисобидан харид қилинган пахта хомашёси қийматининг бир қисмини қоплаб бериш.