Риэлторлик фаолиятини тартибга солувчи алоҳида қонун қабул қилинди. Унга кўра, риэлторлар малака сертификатига эга бўлиши, риэлторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк агентлари эса Ягона реестрга киритилганидан сўнг фаолият юритиши мумкин бўлади.
«Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонун (ЎРҚ–1163-сон) 2026 йил 7 августда қабул қилинди.
Қонуннинг асосий мақсади риэлторлик фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ҳужжатга мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги риэлторлик соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди.
Қонунга кўра, риэлтор бўлиш истагидаги талабгор риэлторларни ўқитиш дастуридан ўтиши ва малака имтиҳонини муваффақиятли топшириши лозим.
Шундан сўнг унга профессионал жамоат бирлашмаси томонидан штрих-кодли риэлторлик малака сертификати берилади.
Риэлтор фаолиятини риэлторлик ташкилоти таркибида амалга оширади ва тегишли малака сертификатига эга бўлиши шарт.
Шунингдек, риэлторлик ташкилоти ва кўчмас мулк бўйича агент ўзи ҳақидаги маълумотлар Ягона реестрга киритилган санадан бошлаб риэлторлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.
Қонун билан риэлторлик хизматларининг асосий турлари ҳам белгилаб берилди.
Улар жумласига:
- кўчмас мулк объектлари ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимларни тузишда воситачилик қилиш;
- кўчмас мулк объектлари ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг савдосини ташкил этиш;
- кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш;
- кўчмас мулк бозорида ахборот, маслаҳат ва реклама хизматларини кўрсатиш киради.
Қонунда риэлторлик соҳасида мультилистинг тизимидан фойдаланиш ҳам назарда тутилган.
Мазкур тизим хусусий сектор томонидан ташкил этилади. У риэлторлик хизматларини муддатли шартномалар асосида «ягона дарча» принципи бўйича кўрсатиш имконини беради.
Шунингдек, мультилистинг тизими орқали кўчмас мулк бозори иштирокчилари ўртасида электрон шаклда ишончли ахборот алмашинуви йўлга қўйилади.
Янги қонун риэлторлик фаолиятини тартибга солиш, соҳа иштирокчиларининг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш ҳамда кўчмас мулк бозорида хизматлар кўрсатишнинг ягона қоидаларини шакллантиришга қаратилган.