Бу ҳақда Миграция агентлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, 597 нафар фуқаро, шу ҳисобда 110 нафар аёл ва уларнинг 228 нафар вояга етмаган фарзанди Ўзбекистонга қайтарилди. Шунингдек, 91 нафар фуқарога бир марталик моддий ёрдам ажратилди.

Бундан ташқари, бошпанасиз қолган 83 нафар юртдош бир ой муддатга бепул хостелга жойлаштирилди. Оғир касалликка чалинган 3 нафар ҳамюртнинг даволаниш харажатлари эса қисман қоплаб берилди.

Ҳисобот даврида 860 нафар мурожаатчига ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатилди. Хусусан, 64 нафар фуқаронинг жами 4 миллион рубль миқдоридаги иш ҳақи ундириб берилди.

Шунингдек, 53 нафар фуқарога Ватанга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилди, 31 нафарнинг иш берувчи томонидан олиб қўйилган шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари қайтарилди. Яна 712 нафар юртдошга ҳуқуқий маслаҳат берилди.

Ваколатхона кўмагида ишсиз қолган 220 нафар Ўзбекистон фуқароси Россиядаги 7 та корхонага ишга жойлаштирилди.

Миграция агентлиги Россия Федерациясида иш ҳақи тўланмаслиги, ҳужжатларнинг олиб қўйилиши, иш берувчи билан низолар ёки бошқа ҳуқуқий муаммоларга дуч келган фуқароларни Москва шаҳридаги Ваколатхонага мурожаат қилишга чақирди.