Замонавий жаҳон санъатининг энг нуфузли минбарларидан бири бўлган Венеция биенналеси жорий йилда "In Minor Keys” (“Минор оҳангларда”) шиори остида ўтказилмоқда.
Мавзу биз яшаётган давр учун жуда аниқ танланган, унда дунёни англаш борасидаги нозик ва мураккаб қарашлар мужассам.
61-Венеция биенналесида Ўзбекистоннинг “The Aural Sea” миллий павильони очилиш маросимида нутқ сўзладим. Бу мен учун ўта аҳамиятли чиқиш бўлди. Лойиҳа Орол денгизи мавзусига бағишланган, бироқ бунда у фақатгина экологик фожиа тимсолида талқин қилинмаган. Ушбу экспозицияда Орол бизнинг хотираларимиз, афсона ва ривоятларимиз ҳамда ижодий изланишлар макони сифатида намоён бўлган.
Яна бир бор мамлакатимиз павильони биеннале иштирокчилари ва меҳмонларининг катта қизиқишига сазовор бўлиб, маданиятимиз билан яқиндан танишиш ва минтақамизга саёҳат қилиш истагини уйғотди, деб ёзди Президент Администрацияси раҳбари.