Шунингдек, фестивал доирасида “Амир Темур ва темурийлар даври либослари” кўргазмаси ҳам ўтказилмоқда.
Жараёнда юртимиздаги 25 та театрлар иштирок этишмоқда, шундан. 7 та театрлар ўзларининг 7 та спектакллари: Қашқадарё вилояти мусиқали драма театрининг “Оқсарой” спектакли, Қўқон шаҳар мусиқали драма театрининг “Армонсиз ўтган умр” спектакли, Каттақўрғон шаҳар драма театрининг “Соҳибқирон” спектакли, Сурхондарё вилояти мусиқали драма театрининг “Адолат фасли” спектакли, Қашқадарё вилояти қўғирчоқ театрининг “Темурбекнинг болалиги” спектакли, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрининг “Соҳибқирон” спектакли, Наманган вилояти мусиқали драма театрининг “Амир Темур ёхуд адолат қиличи” спектакли билан иштирок этишмоқда.
Фестивалнинг биринчи кунида Қашқадарё вилояти театрининг “Оқсарой” спектакли билан бошланди. Спектаклдан сўнг “Амир Темур ва темурийлар даври либослари” номли тантанали юриш ташкил этилди. Мазкур юриш Бибихоним мадрасаси ҳудудидан бошланиб, Регистон майдони орқали Самарқанд мусиқали драма театри биносигача давом этди.
Шундан сўнг уч кун давом этадиган фестивални маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазхон Таджиханов расман очиб берди.
"Биз бугун Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини қураётган эканмиз, албатта, миллий тарихимизнинг энг юксак нуқтаси бўлган Иккинчи Ренессанс — Темурийлар даври тажрибасига таянамиз. Ўша даврда Соҳибқирон бобомиз нафақат қудратли салтанат барпо этди, балки инсоният сивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган маданий ва интеллектуал муҳитни яратди. Агар ўша даврда Самарқанд жаҳоннинг илм ва маърифат маёғига айланган бўлса, бугунги ислоҳотларимизнинг бош мақсади ҳам юртимизни яна интеллектуал, иқтисодий ва маданий жиҳатдан дунёнинг пешқадам давлатлари қаторига олиб чиқишдир" - деди Авазхон Таджиханов.
Расмий очилиш маросимидан кейин Марказий аппарат ҳамда Самарқанд вилояти маданият бошқармаси ходимлари томонидан Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.
Фестивал дастури доирасида Самарқанд вилояти рус драма театри саҳнасида Қўқон шаҳар мусиқали драма театрининг “Армонсиз ўтган умр” спектакли, шунингдек, Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида Каттақўрғон шаҳар драма театрининг “Соҳибқирон” спектакли муваффақиятли намойиш этилди.
Уч кун давом этадиган мазкур фестивалда “Амир Темур ва темурийлар даври либослари” йўналишида махсус танлов ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
Фестивал якунида иштирокчилар номинациялар ҳамда либослар кўргазмаси иштирокчилари орасидан 1, 2, 3 ўринлар аниқланиб, тақдирланади.
Ушбу нуфузли санъат байрами Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2026-йил 5-февралдаги “Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги ПҚ–46-сонли қарори ижроси доирасида ташкил этилмоқда. Мазкур тарихий ҳужжат нафақат юбилей тадбирларининг режасини, балки миллий давлатчилигимиз пойдеворини мустаҳкамлаш, аждодлар меросини янги давр талаблари асосида англаш ва уни келажак авлодларга етказишнинг стратегик йўналишларини белгилаб берди.