Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, воқеа 31 май куни соат 20:25 атрофида туманнинг “Украч” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи “Нарпай” каналида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, юк ташиш учун мўлжалланган электромопед ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида транспорт воситаси унда бўлган 8 нафар фуқаро билан бирга каналга тушиб кетган.
Ҳодиса ҳақида хабар келиб тушгач, қутқарувчилар зудлик билан воқеа жойига етиб борган. Шу вақтга қадар тўрт нафар фуқаро маҳаллий аҳоли томонидан қутқариб қолинган бўлган.
Қутқарувчилар ва фуқаролар иштирокида олиб борилган қидирув ишлари давомида каналда қолган яна тўрт нафар шахснинг жасади топилиб, сувдан олиб чиқилган.
Суриштирувларда аниқланишича, 1984 йилда туғилган фуқаро ўзининг электромопедида турмуш ўртоғи ҳамда ўзи ва қўшни хонадондан бўлган олти нафар вояга етмаган болани сайр қилдираётган бўлган.
Ҳозирда воқеа юзасидан Пахтачи тумани прокуратураси, ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар органлари томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.