Мутахассислар таъкидлашича, амивантамаб (amivantamab) деб номланган препарат айрим беморларда ўсмаларнинг тўлиқ йўқолишига олиб келган, деб ёзади theguardian.com.

11 мамлакатда ўтказилган халқаро тадқиқотда саратон касаллиги қайта авж олган ёки бошқа даволаш усуллари самара бермаган беморлар иштирок этган. Синов доирасида бош ва бўйин соҳаси саратони билан оғриган 102 нафар беморга мазкур препарат қўлланган.

Натижаларга кўра, беморларнинг 43 нафарида ўсмалар қисқарган ёки бутунлай йўқолган. Жумладан, 28 нафар беморда ўсма сезиларли даражада кичрайган бўлса, 15 нафарда шифокорлар ўсманинг тўлиқ йўқолганини қайд этган.

Лондондаги Саратон тадқиқотлари институти профессори Кевин Харрингтон бу натижаларни “мисли кўрилмаган даражада кучли жавоб” деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, тадқиқотда иштирок этган беморлар аввал химиотерапия ва иммунотерапияга жавоб бермаган оғир тоифага мансуб бўлган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, амивантамаб бир вақтнинг ўзида уч йўналишда таъсир кўрсатади. У ўсма ўсишида муҳим ўрин тутадиган EGFR оқсилини блоклайди, саратон ҳужайраларининг даволашдан қочишига ёрдам берадиган MET механизмини тўхтатади ҳамда иммун тизимини фаоллаштириб, ўсмага қарши курашишга ёрдам беради.

Янги препаратнинг яна бир афзаллиги шундаки, у кўплаб саратон дорилари каби томир орқали эмас, балки тери остига қилинадиган кичик укол кўринишида қўлланади. Бу эса даволаш жараёнини анча қулайлаштиради.

Тадқиқотда иштирок этган беморлардан бири — 56 ёшли Карл Уолш тил саратони ташхиси қўйилганидан кейин мазкур дастурга жалб қилинган. Унинг айтишича, икки даволаш циклидан сўнг аҳволи яхшиланиб, овқатланиши ва нутқи деярли тўлиқ тикланган.

Олимлар мазкур препарат ўпка саратонида ҳам ижобий натижалар кўрсатаётганини маълум қилди. Ҳозирда амивантамаб бўйича дунё бўйлаб қарийб 60 та клиник тадқиқот давом этмоқда. Улар орасида ўпка, ичак, мия ва ошқозон саратонига қарши қўллаш имкониятлари ҳам ўрганилмоқда.

Тадқиқот натижалари АҚШда бўлиб ўтаётган Америка клиник онкология жамиятининг (ASCO) йиллик анжуманида тақдим этилади.