Учрашувда Сербия Президенти Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий ва эзгу тилакларини йўллаб, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч ва дўстлик руҳида изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Суҳбат чоғида олий даражада сиёсий мулоқотни давом эттириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига эътибор қаратилди. Хусусан, тўқимачилик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, туризм, транспорт-логистика, саноат кооперацияси ва энергетика каби йўналишларда икки томонлама ҳамкорлик салоҳияти юқори экани қайд этилди.
Александр Вучич мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёт суръатларини юксак баҳолаб, Ўзбекистонни Евроосиё минтақасидаги энг жадал ривожланаётган давлатлардан бири сифатида эътироф этди.
Шунингдек, Сербия Президенти Белградда ўтказилган Парламентлараро иттифоқ тадбирларида Ўзбекистон делегациясининг фаол иштирокини эътироф этиб, бу йўналишда алоқаларни янада фаоллаштириш давлатлараро муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Учрашув якунида Сербия Ўзбекистон билан барча йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга қатъий интилиши билдирилди.