Қонун билан Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини юксалтириш, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган хорижий фуқароларни рағбатлантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда.
Ҳужжатга мувофиқ, икки даражали давлат мукофоти — «Олий даражали Ўзбекистон эҳтироми» ва «Ўзбекистон эҳтироми» орденларини таъсис этиш назарда тутилган.
«Олий даражали Ўзбекистон эҳтироми» ордени Ўзбекистон олдида алоҳида эътироф этилган юксак хизматлари учун хорижий давлат ва ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, хорижий давлатларнинг таниқли давлат ва жамоат арбобларига берилади.
«Ўзбекистон эҳтироми» ордени билан эса мамлакатимизнинг халқаро нуфузини ошириш, турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган хорижий давлат ва жамоат арбоблари, йирик компаниялар раҳбарлари, Ўзбекистондаги хорижий давлатлар элчилари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари ҳамда хорижий фуқаролар тақдирланади.
Шунингдек, Қонун билан орденлар билан тақдирлаш тартиби, улар тўғрисидаги низом ва тавсиф белгиланиб, «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Қонунга тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторларнинг таъкидлашича, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг хорижий ҳамкорлар билан ишонч ва ўзаро манфаатларга асосланган муносабатларини мустаҳкамлаш, инвестициявий ва иқтисодий алоқаларини кенгайтириш ҳамда халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга хизмат қилади.