Лойиҳанинг умумий майдони 5 гектарни ташкил этади. Шундан 17 минг квадрат метр қисми сунъий сув ҳавзаси учун ажратилган. Қолган ҳудудда болалар майдончалари ва шинам айвонлар барпо этиш режалаштирилган.

Шунингдек, объектда қуёш панеллари, сувни тозалаш ва озонлаш тизимлари ўрнатилади.

Геологик тадқиқотлар мазкур ҳудудда лойиҳани амалга ошириш имконияти мавжудлигини тасдиқлаган. Ҳозиргача қурилиш ишларининг 30 фоиздан ортиғи бажарилган. Айни пайтда конструкцияларни арматуралаш ва мустаҳкамлаш, таянч деворини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.

Режага кўра, ноябрь ойига қадар деворнинг қарийб 800 метрлик қисмини қуриб битказиш ва сув ҳавзаси тубидан тупроқни тўлиқ чиқариш кўзда тутилган. Объект қурилишини эса йил охиригача якунлаш мўлжалланган.

Янги сув ҳавзаси ҳудудда чанг миқдорини камайтириш, ҳавони намлантириш ва қулай микроиқлимни шакллантиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Маскан аҳоли учун сайр қилиш, дам олиш ва спорт билан шуғулланиш имконини беради.

Қайд этилишича, қурилиш жараёни доимий назоратда. Ишларнинг барча босқичларида дарахтларни асраш, экологик талаблар ва қонунчиликка риоя этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.