2026 йил 1 апрелдан Ўзбекистонда савдо ва молиявий назорат соҳасида муҳим ўзгаришлар кучга кирди: бир қатор товарлар, жумладан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари энди фақат нақдсиз шаклда сотилиши белгиланди. Ушбу янгилик иқтисодиётни рақамлаштириш, молиявий оқимлар шаффофлигини ошириш ва яширин айланма улушини қисқартиришга қаратилган кенг кўламли сиёсатнинг бир қисми ҳисобланади
Нақдсиз ҳисоб-китобларга ўтиш - бу шунчаки технологик янгиланиш эмас, балки бир вақтнинг ўзида бир нечта вазифаларни ҳал этишга қаратилган тизимли чора ҳисобланади. Биринчидан, барча транзакциялар қайд этилади, бу эса солиқдан бўйин товлаш ва “соявий” бухгалтерия юритиш имкониятларини сезиларли даражада камайтиради. Иккинчидан, анъанавий равишда акцизли товарлар ҳисобланган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари айланмаси устидан назорат соддалашади.
Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, бундай чоралар ривожланган молиявий тизимга эга мамлакатларда кенг қўлланилади. Европа ва Осиё давлатларида тўловларни рақамлаштириш анча вақтдан бери ноқонуний бозорга қарши курашиш ва солиқ тушумларини оширишнинг самарали воситасига айланган. Нақдсиз ҳисоб-китоблар давлатга истеъмолнинг реал манзарасини кўриш ва қоидабузарликларга тезкор жавоб қайтариш имконини беради.
Назорат ёки янги чақириқлар?
Бироқ Ўзбекистон шароитида бу масала ўзига хос жиҳатларга эга. Сўнгги уч йил давомида мамлакатда муқобил тамаки маҳсулотлари - жумладан снюс ва никотин пакетчаларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва сотиш тақиқланган. Дастлаб бу чора аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш ва никотин маҳсулотларининг янги турларини чеклаш мақсадида жорий этилган эди.
Тақиқ жорий этилгунга қадар бундай маҳсулотлар бозори қонуний майдонда эди: маҳсулотлар назоратдан ўтар, солиққа тортилиб, бюджетга тушум келтирар эди. Бироқ тақиқдан сўнг вазият ўзгарди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар хабарларига кўра, Тошкент шаҳрида тамаки маҳсулотларини ноқонуний олиб кириш ва сотиш ҳолатлари мунтазам аниқланмоқда. Юзлаб миллион сўмлик, акциз маркасиз маҳсулотларнинг мусодара қилиниши яширин бозор шаклланганини кўрсатади.
Контрабанданинг ўсиши ва бюджет йўқотишлари
Амалда тақиқ тескари натижа берди: талаб сақланиб қолди, аммо таклиф ноқонуний секторга кўчди. Натижада:
• давлат сезиларли солиқ тушумларидан маҳрум бўлмоқда;
• контрабанда кучаймоқда;
• бозорга келиб чиқиши ва сифати номаълум маҳсулотлар кириб келмоқда;
• никотинли маҳсулотлар айланмаси устидан назорат пасаймоқда.
Шу билан бирга, қатор мамлакатларда муқобил тамаки маҳсулотлари анъанавий чекишга нисбатан камроқ зарарли альтернатива сифатида қаралади - албатта, қатъий тартибга солиш ва назорат шарти билан. Шу боис кўплаб давлатлар уларни тўлиқ тақиқламай, лицензиялаш, акциз солиқлари ва ёш бўйича чекловлар жорий этади.
Ёндошувни қайта кўриб чиқиш имкониятлари
Нақдсиз ҳисоб-китоблар тизими жорий этилиши фонида Ўзбекистонда бозорни самарали назорат қилиш учун янги имкониятлар пайдо бўлмоқда. Тўловлар шаффофлиги, электрон чеклар ва банк мониторинги - агар бозор қонуний майдонда фаолият юритса - ноқонуний савдо даражасини сезиларли даражада камайтиришга қодир.
Шу нуқтаи назардан табиий савол туғилади: муқобил тамаки маҳсулотларига нисбатан амал қилаётган тақиқни қайта кўриб чиқиш вақти келмадими?
Эҳтимолий қайта кўриб чиқиш қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:
• қатъий лицензиялаш асосида легаллаштириш;
• мажбурий нақдсиз тўлов шакли;
• акциз солиқлари жорий этиш;
• маҳсулот сифати ва келиб чиқишини назорат қилиш;
• ёш ва савдо каналлари бўйича чекловлар.
Назорат ва реаллик ўртасидаги мувозанат
Сўнгги йиллар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, тўлиқ тақиқ ҳар доим ҳам истеъмолни камайтирмайди, аксинча кўп ҳолларда яширин бозор ўсишига олиб келади. Шу билан бирга, замонавий рақамли воситалар давлатга айланмани аввалгига қараганда анча самарали назорат қилиш имконини беради.
Мажбурий нақдсиз тўловларни жорий этиш - тўғри йўналишдаги қадам. Бироқ максимал самарага эришиш учун тартибга солиш чоралари бозордаги реал жараёнларни ҳисобга олиши зарур.
Акс ҳолда назорат фақат қонуний секторда кучаяди, ноқонуний сектор эса мослашиб, янада кенгайишда давом этади.
Бугун Ўзбекистон нафақат молиявий шаффофликни кучайтириш, балки турли маҳсулотлар бозорларини тартибга солишнинг янада мувозанатли ва самарали моделини шакллантириш имкониятига эга - миллий хусусиятлар ва жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда.