Яқинда давлатимиз раҳбари раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш, селекция ва тайёргарлик тизимини такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу масалага янада чуқур ҳамда тизимли ёндашув белгилаб берилди.

Спорт нафақат жисмоний фаоллик, балки миллат саломатлиги, ёшлар тарбияси ва мамлакат тараққиётининг муҳим омили сифатида эътироф этилди. Айниқса, тиббиёт соҳаси нуқтаи назаридан қараганда, спортнинг аҳамияти беқиёс. Чунки ҳар қандай соғлом жамият, аввало, соғлом инсонлардан шаклланади. Замонавий тиббиёт амалиёти касалликларни даволашдан кўра, олдини олиш самарали ва мақсадга мувофиқлигини кўрсатмоқда. Бу эса бевосита жисмоний фаоллик ва соғлом турмуш тарзи билан боғлиқ. Шу маънода, йиғилишда илгари сурилган “спорт орқали профилактика” тамойили тиббиёт тизими учун ҳам долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Энди эътибор фақат кўрсаткичларга эмас, балки аҳоли саломатлиги яхшиланишига қаратилмоқда. Қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари, семириш каби муаммоларнинг олдини олишда ­оммавий спорт ҳал қилувчи омил экани алоҳида таъкидланди.

Андижон давлат тиббиёт институтида ҳам мазкур ёндашув асосида қатор аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда. Биз учун спорт шунчаки дарсдан ташқари машғулот эмас, балки бўлажак шифокорнинг ҳаёт тарзи, касбий маданияти ва шахсий намунасидир. Чунки шифокор, аввало, ўзи соғлом турмуш кечирмаса, бошқаларга бу борадаги тарғиботи ҳам самарали бўлмайди.

Институтимизда ҳар бир талабанинг жисмоний ҳолатини мунтазам мониторинг қилиш, индивидуал соғломлаштириш дастурларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса келгусида профилактик тиббиётни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Яна бир муҳим жиҳат, ёшлар ва юртдошларимизни спорт орқали ижтимоий фаолликка жалб этишдир. Шу мақсадда вилоятимизнинг чекка ҳудудларида ўтказилаётган тиббий кўрикларда аҳолига спортнинг саломатликдаги аҳамияти, у билан мунтазам шуғулланиб бориш зарурлиги ҳақида тушунтириш берилмоқда. Бу жараёнда, айниқса, талабаларимизнинг фаоллиги алоҳида эътирофга муносиб. Ушбу саъй-ҳаракатлар аҳоли саломатлигини яхшилаш баробарида талабаларда масъулият, раҳбарлик ва инсонпарварлик фазилатларини шакллантиради.

Вилоятимиздаги давлат олий таълим муассасалари раҳбарларининг “Андижон талабалар лигаси”ни ташкил этишга доир меморандумни имзолагани ҳам ушбу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир. Бу ташаббус орқали талабалар ўртасида спорт мусобақаларини тизимли ўтказиш, иқтидорли ёшларни саралаш ва қўллаб-қувватлаш имконияти янада кенгаяди.

Бугун спортни алоҳида соҳадаги фаолият эмас, балки тиббиёт, таълим ва жамият ҳаёти билан узвий боғлиқ комплекс тизим сифатида қабул қилиш вақти келди. Чунки соғлом миллат кучли давлат демакдир.

Андижон давлат тиббиёт институти жамоаси бу вазифаларни чуқур англаган ҳолда, нафақат малакали мутахассислар, балки жисмонан бақувват, маънан етук ва соғлом турмуш тарзига содиқ авлодни тарбиялашни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган.

Мадамин МАДАЗИМОВ,

Андижон давлат тиббиёт институти ректори, профессор

Ҳамкорлик материали