XIV асрда, ғоят мураккаб бир даврда юртимиз ҳудудида миллий давлатчиликни қайта тиклаб, ватан озодлиги йўлида улкан жасорат кўрсатган буюк аждодимиз асос солган қудратли салтанат жаҳон цивилизацияси тарихида ўчмас из қолдирган.

Шунинг учун Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти салкам етти асрдан буён дунё олимлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганиб келинади. Жаҳоннинг турли мамлакатларида Амир Темур ва темурийларга бағишлаб минглаб бадиий, илмий ва санъат асарлари яратилган ва бу ишлар ҳозир ҳам давом этмоқда.

Кейинги йилларда Амир Темур ва темурийлар меросини чуқур ўрганиш, уни юртимиз ва чет элларда кенг оммалаштириш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилди. Жорий йилда давлатимиз раҳбари томонидан Соҳибқирон Амир Темурнинг 690 йиллиги муносабати билан алоҳида қарор қабул қилиниб, кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ижодкорларимиз томонидан янги илмий ва бадиий китоблар, фильм ва спектакллар, тасвирий санъат асарлари яратилмоқда. Хусусан, буюк аждодимизнинг машҳур “Темур тузуклари” асари янгидан нашр этилди. Темурийлар тарихи давлат музейи замонавий талаблар асосида тубдан қайта таъмирланиб, бу масканда илму маърифат, янги ғоялар ва тадқиқотлар учун шароитлар янада кенгайтирилди.

Пойтахтимизда Амир Темур ва темурийлар Ренессансига бағишлаб ўтказилган халқаро конференцияда юртимиз олимлари билан бирга дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган атоқли тарихчилар, шоир ва адиблар, маданият ва жамоат намояндалари ҳам иштирок этгани халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятига жаҳон миқёсида қизиқиш ва эътибор тобора куча­йиб бораётганидан далолат беради.

Ушбу нуфузли анжуман қатнашчилари янги Ўзбекистонда Амир Темур ва темурийлар меросининг умумбашарий цивилизация тарихидаги ўрни ва аҳамиятини ўрганиш, уни юртимиз ва чет элларда кенг оммалаштириш борасидаги ишлар натижасида инсоният тарихининг буюк саҳифаларидан бири бўлган темурийлар даври мероси бугун яна дунё нигоҳида эканини эътироф этди.

Апрель — Амир Темур ойлиги давомида мамлакатимиз ва чет элларда юқори даражада ташкил этилган кўплаб илмий конференциялар, маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар бунинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Бу ҳақда гапирганда, бугунги кунда дунё­нинг тараққиёт марказлари ҳисобланган АҚШ, Испания ва Буюк Британия каби мамлакатларда машҳур аждодимиз ва у зот қолдирган бой меросга бағишлаб ўтказилган илмий ва медиаанжуманлар, жонли учрашув ва давра суҳбатлари, янги фильм ва китоб­лар тақдимотлари Ғарб олами зиёлилари, умуман, кенг жамоатчилигида улкан эътибор ва қизиқиш уйғотаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Кино санъати тарих ҳақиқатини инсонлар онги ва қалбига етказишнинг энг таъсирчан восита. Шу боис, давлатимиз раҳбари ташаб­буси билан амалга оширилаётган “Тирик тарих” дастури доирасида “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинган “Улуғ Амир ва донна Мария” бадиий фильми премьералари ушбу ранг-баранг тадбирларнинг асосий маданий воқеасига айлангани бежиз эмас.

Фильмнинг Вашингтон штати АҚШ Давлат департаменти ходимлари, сиёсатшунос олимлар, тарихчи ва экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, Жорж Вашингтон университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари, ўзбек диаспораси намояндалари ҳамда ватандошларимиз иштирокида бўлиб ўтган расмий тақдимотида ҳам айни шу жиҳат яққол сезилиб турди.

Маросимда таъкидланганидек, ўзбек санъат усталари билан бирга, Буюк Британия, АҚШ, Бразилия, Франция, Италия, Туркия, Япония каби мамлакатларнинг таниқли ижодкорлари, жумладан, Хуан ­Касильяс, Оскар Форонда сингари испаниялик маҳоратли актёрлар ҳам қатнашган мазкур фильм­да Амир Темур салтанатининг Европа давлатлари билан дипломатик алоқалари, ўша даврдаги сиёсий муносабатлар, маданий ҳамкорлик ва цивилизацияларнинг ўзаро мулоқоти маҳорат билан ёритилган.

Картина намойишидан аввал Амир Темур ва темурийлар даврининг дунё цивилизацияси тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятига бағишланган давра суҳбати ташкил этилгани океанорти мухлисларига ўрта асрларда Осиё ва Европа қитъаларида кечган ҳамда дунёнинг сиёсий ва ҳарбий архитектурасига узоқ йиллар давомида таъсир кўрсатиб турган тарихий воқеалар руҳини яқиндан ҳис қилиш имконини берди.

Муҳокамаларда сўзга чиққан таниқли олим, профессор Себастиен Пейроус Амир Темур буюк саркарда ва узоқни кўра оладиган давлат раҳбари сифатида жаҳон тарихида алоҳида ўрин тутишини, унинг стратегик ва ҳарбий маҳорати, самарали давлат бош­қаруви, илм-фан, меъморлик ва шаҳарсозлик ривожига қўшган ҳиссаси кенг минтақа тараққиётига таъсир кўрсатган ноёб маданий-интеллектуал муҳит шаклланишига замин яратганини қайд этди.

Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султонов бошчилигидаги делегация аъзолари иштирокида Испаниянинг Мадрид, Гренада, Севилья ва Барселона шаҳарларида бўлиб ўтган илмий-маърифий тадбирлар ҳам Марказий Осиё тарихий меросини тарғиб қилиш ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этди.

Хусусан, Мадриддаги “Саsa Arabe” араб маданият марказида мамлакатимизнинг Испаниядаги элчихонаси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Кинематография агентлиги ҳамкорлигида “Буюк темурийлар тарихи ва маданий мероси” мавзусида халқаро илмий конференция ташкил этилди. Илмий-академик жамоатчилик вакиллари, маданият ва санъат намояндалари, халқаро экспертлар, хорижий давлатлар элчилари иштирок этган анжуманда Амир Темурнинг жаҳон тарихидаги ўрни, темурийлар Ренессансининг илм-фан ва маданият ривожига қўшган улкан ҳиссаси, янги Ўзбекистоннинг бой ва қадимий маданий меросни асраш ва тарғиб этишга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

— Бундай лойиҳалар ёш авлодга ўз тарихини чуқурроқ англаш ва темурийлар маданиятининг асрлар давомидаги ривожланишга кўрсатган таъсирини кенгроқ контекстда кўриш имкониятини беради, — деди Франциядаги Темурийлар ­ассоциацияси ­президенти Фредерик Брессанд анжуман чоғида. — Бу ҳам мамлакат фуқаролари, ҳам халқаро аудитория учун муҳим бўлиб, Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёнинг маданий бойлигини намойиш этади.

Мамлакатимизнинг Испаниядаги элчихонасида Амир Темур ва темурийлар даврига бағишланган янги китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. Айниқса, испаниялик таниқли адиб ­Хесус Санчес Адалиднинг “Амир Темурга аталган уч лочин” романи тадбир иштирокчиларида ёрқин таассурот қолдирди. Анжуманда тарихчи олим ва тадқиқотчилар, дип­ломат ва ижодкорлар сўзга чиқиб, мазкур нашрлар Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти, унинг давлат бошқаруви, ҳарбий санъат ҳамда илм-фан ва маданият ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини замонавий илмий ёндашув асосида ёритиб бериши билан халқаро илмий ҳамжамият учун қимматли манба бўлишини қайд этдилар.

Mueller & Schindler корпорациясида ўтказилган учрашувда эса давлатимиз ­раҳбарининг махсус Сўзбошиси билан Тошкентда чоп этилган “Темур тузуклари” асарини испан тилига таржима қилиш ва нашр этиш бўйича келишувга эришилди.

“Улуғ Амир ва донна Мария” фильмининг Мадрид шаҳридаги “Palacio de Hielo” кинотеатрида ташкил этилган тақдимоти мамлакатимизда тарихий меросни тиклаш, миллий ўзликни англаш, Ўзбекистон ва Испания маданий алоқаларини ривожлантириш масалаларига катта аҳамият берилаётганига эътибор қаратилди. Ушбу фильм Барселона шаҳридаги машҳур “Cinemes Girona” кинотеатрида ҳам тақдимот қилинди. Унда испаниялик томошабинлар билан бирга Барселона шаҳрида истиқомат қилаётган ватандошларимиз ҳам иштирок этди.

Тақдимотларда сўзга чиққанлар фильмда Амир Темур сиймосининг янги қирраларини очишга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаб, картина нафақат тарихий воқеаларни қайта жонлантиргани, балки ўша олис давр руҳини, халқлар ўртасидаги муносабатлар моҳиятини чуқур ҳис этиш имконини ҳам берганини урғулади.

Ўзбекистон ва Испания халқларини қадимдан тарихий-маданий алоқалар ўзаро боғлаб туради. Хусусан, бундан 622 йил муқаддам Кастилия ва Леон элчиси Руи Гонсалес де Клавихо юртимизга, Соҳибқирон Амир Темур саройига ташриф буюрган ва бу ҳақда машҳур “Кундаликлар”ида ноёб маълумотларни ёзиб қолдирган.

Мамлакатимиз делегацияси аъзоларининг Испанияга ташрифи давомида бу тарихий факт ҳам бир неча бор тилга олинди. Жумладан, ёзувчи Хесус Санчес Адалид ҳамда сценарист ва продюссер Алехандро Олвера билан учрашувда “Клавихо” бадиий-­публицистик фильмини ҳамкорликда яратиш юзасидан фикр алмашилди.

Гренада шаҳри юртимиз вакилларининг навбатдаги ташриф манзили бўлди. Бу ерда Евро-Араб олий тадқиқотлар жамғармаси вакиллари билан учрашув ўтказилди. Жамғарма Европа Иттифоқи ва араб-мусулмон дунёси давлатлари ўртасида маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга ихтисослашган халқаро ташкилот бўлиб, ўз фаолиятида таълим дастурларини қўллаб-қувватлашга, маданий хилма-хиллик ва диний радикаллашувнинг олдини олишга доир қўшма лойиҳаларга асосий эътибор қаратади. Учрашувда Жамғарма фондларида сақланаётган, юртимизга дахлдор манбаларни биргаликда ўрганиш ва илмий истеъмолга киритиш, жумладан, Руи Гонсалес де Клавихонинг Амир Темур салтанатига саёҳати тарихи билан боғлиқ қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикр алмашилди.

Мулоқот чоғида мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбияси, уларни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида камол топтириш масалаларига давлат сиёсати даражасида ­эътибор берилаётгани, дунёдаги ҳозирги ғоят мураккаб даврда айнан таълим, маърифат ва маданият ёш авлодни бузғунчи ва зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишнинг асосий воситасига айланаётгани таъкидланди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ҳам шу эзгу мақсадларга қаратилгани эътироф этилди. Шу боис, томонлар ўзаро тажриба алмашиш, илғор халқаро амалиётни ўрганишдан манфаатдор экани, ёш мутахассисларни тайёрлаш ва таълим дастурларини амалга ошириш бўйича ҳамкорликка тайёрликларини билдиришди.

Мамлакатимиз делегациясининг Буюк Британияга ташрифи маданий воқеаларга бой кечди. Кинематография агентлиги директори вазифасини бажарувчи Шуҳрат Ризаев бошчилигидаги делегация Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда ўзбек маданияти ва санъатини тарғиб қилиш, инглиз киностудиялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ­бўйича музокаралар ўтказди.

Британия коллекцияларида сақланаётган, Ўзбекистонга оид китоб ва альбомлар тақдимоти ташкил этилди.

Лондоннинг “Regent Street Cinema” кинотеатрида “Улуғ Амир ва донна Мария” бадиий фильми намойиши бўлиб ўтди. Намойишда 200 га яқин хорижий меҳмон, жумладан, Буюк Британия лордлари ва парламент аъзолари, Вестминстер университети раҳбарияти, дипломатик корпус вакиллари, хорижда меҳнат қилаётган ва ўқиётган ватандошларимиз қатнашди.

Вестминстер университети ректори, профессор Петер Бонфиелд ушбу тарихий фильмни томоша қилиб, Амир Темур шахси ва унинг Европада тутган ўрни ҳақида жуда кўп янги маълумотларга эга бўлганини билдирди. Мураккаб сюжетли ушбу тарихий фильмни суратга олган киноижодкорлар маҳоратига юқори баҳо берди.

Буюк Британияда яшаётган ўзбек ёшлари ва ватандошлар бундай фильмларни чет элларда кўпроқ намойиш этиш кераклигини, улар хорижда истиқомат қилаётган юртдош­ларимизда ватанга муҳаббат ва аждодларга эҳтиром ҳиссини янада ошишига хизмат қилишини таъкидладилар.

Тадбирлар доирасида Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, миллий ва умумбашарий қадриятлар уйғунлигини тарғиб этувчи киномаҳсулотлар платформасини яратиш бў­йича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамкорлигида Амир Темурга бағишланган медиаанжуман ўтказилди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро аукцион уйлари ва артефактларни сотувчи дилерлар билан ҳамкорлик бўйича махсус комиссия­си аъзоларидан иборат делегация Буюк Британияда бўлиб ўтган Ислом мероси ҳафталиги доирасида Sotheby’s, Christie’s аукционларидаги Ўзбекистоннинг маданий мероси билан боғлиқ артефактлар савдоларида иштирок этди. Ушбу аукционларда Ўзбекистон маданий меросига алоқадор бўлган 29 та лот учун кураш олиб борилди ва уларни харид қилиш ҳуқуқи қўлга киритилди. Мазкур артефактларнинг 8 таси турли даврларга тегишли Қуръон қўлёзмалари, 1 таси нодир қўлёзма, 6 таси бобурийлар даврига мансуб тасвирий санъат асари ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонасида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг маданий меросга қарши жиноятларга қарши кураш гуруҳи томонидан Лондонда ўтказилган махсус операция доирасида қўлга олинган 10 та ноёб тарихий артефактни Ўзбекистонга беғараз топшириш маросими ҳам ўтказилди.

Буюк Британиянинг нуфузли сиёсат ва маданият намояндалари, Лондон полицияси ва божхонаси вакиллари, халқаро экспертлар иштирок этган ушбу тадбирда бу ноёб артефактларни мамлакатимизга қайтариш ҳақидаги қарорга юртимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида маданий меросни ўрганиш ва сақлаш бўйича юритилаётган давлат сиёсати асос бўлгани алоҳида эътироф этилди.

Мазкур нодир осори атиқалардан 2 таси сополдан, яна 2 таси гипсдан ясалган ҳайкал бошлари бўлиб, тахминан милодий II-V асрларга, Кушон подшолиги давридаги Гандҳара маданиятига мансубдир. Артефактларнинг

5 таси милоддан аввалги I минг йиллик ўрталарига тегишли деворий суратлар парчалари бўлиб, уларда ўша пайтлардаги аждодларимиз қиёфалари ва тарихий жараёнлар акс этган.

Шунингдек, артефактлар орасида қора тош­дан ишланган қабртош ҳам бўлиб, аштархонийлар даврига мансуб, 1642 йилда вафот этган сарой амалдорларидан бирига тегишли экани аниқланди. Ушбу артефактларнинг барчаси юртимизга олиб келинди. Тарихий адолат қарор топди.

Дарвоқе, Соҳибқирон бобомиз ўз салтанатини адолат ва қонун устуворлиги тамойиллари асосида бошқарган эди. Ота юрти Шаҳрисабзда ўзи бунёд эттирган гўзал меъморий обида — Оқсарой пештоқига “Адолат давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиоридир”, деган сўзларни ёздирган эди. Бу ҳикматли сўзлар бугунги кунимиз учун ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга. Чунки тинчлик ва адолат ҳукм сурган жойдагина илм-маърифат, санъат, адабиёт ва маданият тараққий топади. Халқлар ва давлатлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ривожланади.

Шу маънода, буюк аждодимиз ва унинг шонли сулоласи томонидан яратилган темурийлар Ренессанси мамлакатимизда янги Уйғониш даври пойдеворини яратишда биз учун катта ишонч, илҳом ва куч-ғайрат манбаи бўлиб хизмат қилаётгани ҳам, эндиликда яна Шарқ ва Ғарб оламида муҳокамалар майдонига чиққани ҳам табиий ва қонуний тарихий жараён ҳисобланади.

Олим ТЎРАҚУЛОВ