Кўплаб давлатларда сунъий интеллект суд амалиётини таҳлил қилиш, ҳужжатларни тайёрлаш, суд мажлисларини режалаштириш каби вазифаларда судьяларнинг ишончли ёрдамчисига айланмоқда. Шу билан бирга, халқаро ҳамжамият бу технологиядан фойдаланишнинг аниқ ҳуқуқий чегараларини белгилашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Мамлакатимизда бу йўналишдаги ишлар Президентимизнинг 2025 йил 21 августдаги «Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-140-сон Фармони билан янги босқичга кўтарилди. Фармонда сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш, аризанинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилигини аниқлаш имкониятларини яратиш белгиланган. Шунингдек, сунъий интеллектни жорий этиш учун зарур техник инфратузилма яратиш ва норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш назарда тутилган.

Қўшни Қозоғистонда 2026 йил рақамлаштириш ва сунъий интеллект йили деб эълон қилинди, «Сунъий интеллект тўғрисида»ги қонун ва Рақамли кодекс қабул қилинди. Олий суд фуқаролик ишлари бўйича «Судьянинг рақамли ёрдамчиси» хизматини мамлакатнинг барча судларида ишга туширди. Бу тизим судьяга ўхшаш ишлар бўйича суд амалиётини топишда ва низони кўришга тезроқ тайёрланишда ёрдам беради. Қозоғистон судлари тарафларга сунъий интеллект ёрдамида тузилган, даъво қаноатлантирилиши эҳтимоли ҳақидаги прогнозни ҳам юбормоқда. Бу тарафларни низони судгача ҳал қилишга ундаши мумкин.

Буюк Британияда 2026 йил 4 февралда эълон қилинган жиноят судларини мустақил кўриб чиқиш ҳисоботида сунъий интеллектга алоҳида эътибор берилган. Ҳисоботнинг икки қисмидаги 180 та тавсиянинг 31 таси технологиялар ва сунъий интеллектга бағишланган. Улар умумий автоматлаштириш ва иш унумдорлигини оширишдан тортиб таржима хизматларигача бўлган соҳаларни қамраб олади. Хусусан, суд мажлисларини режалаштиришда сунъий интеллектдан фойдаланиш таклиф этилган. Бу жиноят судларидаги ишлар тўпланиб қолиши муаммосини ҳал қилишга қаратилган.

Европа Иттифоқи эса бу масалага эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда. Европа Иттифоқининг сунъий интеллект тўғрисидаги регламентида одил судловда қўлланиладиган тизимлар юқори хавфли тоифага киритилган. Бундай тизимлар учун хавфларни баҳолаш, шаффофлик ва инсон назорати бўйича қатъий талаблар белгиланган. 2026 йилда қабул қилинган ўзгартиришлар билан бу талабларнинг амал қилиш муддати 2027 йил 2 декабрга кўчирилди. Бу Европа ушбу соҳада шошма-шошарлик эмас, пухта тайёргарлик тарафдори эканини кўрсатади. Ундан аввалроқ, 2018 йилда Европа Кенгашининг Одил судлов самарадорлиги бўйича комиссияси (CEPEJ) суд тизимларида сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича Этик хартияни қабул қилган. Хартияда асосий ҳуқуқларни ҳурмат қилиш, камситишга йўл қўймаслик, шаффофлик ва фойдаланувчи назорати тамойиллари мустаҳкамланган.

Жиноят процесси учун бу масала янада нозик хусусиятга эга. Бу ерда гап шахснинг тақдири, унинг эркинлиги ва шаъни ҳақида боради. Сунъий интеллект суд амалиётини таҳлил қилиш, иш материалларини тизимлаштириш, баённомаларни тайёрлаш ва таржимада катта ёрдам бериши мумкин. Аммо далилларни баҳолаш, шахснинг айбдорлиги ва жазо тури ҳақидаги масалалар фақат судьянинг ваколатидир. Алгоритмлар ўтмишдаги маълумотлар асосида ўрганади ва уларда мавжуд хатоларни такрорлаши мумкин. Шу сабабли улар ўз хулосасини тушунтириб бера олиши ва доимий инсон назорати остида бўлиши шарт.

Хулоса қилиб айтганда, сунъий интеллект судьянинг ўрнини босувчи эмас, балки унинг меҳнатини енгиллаштирувчи восита бўлиши лозим. Техник ва такрорий вазифалар автоматлаштирилгач, судья асосий эътиборини энг муҳим ишга - ҳар бир иш бўйича қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилишга қаратади. Зеро, одил судловнинг маъноси инсон томонидан инсон учун амалга ошириладиган адолатдадир.

Марат  Жабборов,
 Жиноят ишлари бўйича Учтепа
 туман судининг судьяси