Муаммо шундаки, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексида бундай илтимосномани рад этиш учун аниқ асослар белгиланмаган. Шу сабабли юқори суд инстанциялари кўп ҳолларда ижрони тўхтатиб қўйиш ҳақида қарор чиқаради.

Натижада эса судда ҳақлигини исботлаган тадбиркор ўзига тегишли маблағни вақтида ундиролмайди. Бу эса унинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб, молиявий йўқотишларга сабаб бўлади.

Айни пайтда мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Унга кўра, эндиликда юқори инстанция суди шикоят берилгани учунгина қуйи суд ҳужжати ижросини тўхтатиб қўя олмайди.

Бунинг учун ариза берувчи, агар ижро тўхтатилмаса, кейинчалик суд ҳужжатини қайта ижро қилиш қийин ёки имконсиз бўлиб қолишини аниқ далиллар билан асослаб бериши талаб этилади. Акс ҳолда суд қарори ижро этилиши давом этади.

Қайд этилишича, мазкур ўзгаришлар суд қарорларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишини таъминлаш, шунингдек, ҳалол тадбиркорларни сунъий кечикишлардан ҳимоя қилишга хизмат қилади.