Маълум қилинишича, Жарқўрғон тумани фуқароси танишлари билан «Учкўл» массивига борганида икки бош ноёб қуш овланиб, истеъмол қилинганига гувоҳ бўлганини билдирган.

Тақдим этилган фото ва видеоларда бир неча фуқаронинг жонсиз пушти сақоққуш билан тушгани акс этган. Текширув давомида улар бу ҳолатни «шунчаки қизиқиш» деб изоҳлаган.

Экополиция томонидан олиб борилган ўрганишларда ушбу фуқаролар овчилик билан шуғулланиб келгани ва уларда ов қуроллари мавжудлиги аниқланган. Қуроллар вақтинча сақлаш учун ички ишлар бўлими томонидан олиб қўйилган.

Ҳолат юзасидан тегишли қонунбузарликлар расмийлаштирилди. Ноёб қушнинг овланиши оқибатида ҳайвонот дунёсига 206 миллион сўм миқдорида зарар етказилгани маълум қилинди.

Тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилган.