Киритилган қўшимчаларга кўра, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳудудий марказларига жойлаштирилган хотин-қизлар:
уларга ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига тегишинча никоҳ тузилганлиги тўғрисида ва туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар берганлик учун давлат божи тўлашдан озод қилиниши белгиланди.
“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунида назарда тутилган тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги муносабати билан:
суриштирув, дастлабки тергов органларига ёки судга мурожаат қилган тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларига қуйидагилар тўғрисидаги ишлар бўйича давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади:
- алиментларни ундириш ҳақидаги;
- болаларнинг таъминоти учун қилинадиган қўшимча харажатларни ундириш тўғрисидаги;
- уйга киритиш, турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ва кўчириш ҳақидаги;
- оталикни белгилаш ёки оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги;
- боланинг яшаш жойини белгилаш ҳақидаги;
- бола билан кўришиш тартибини белгилаш тўғрисидаги;
- никоҳдан ажратиш ҳақидаги;
- мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги;
- мол-мулкни бошқа шахснинг қонунга хилоф эгалигидан талаб қилиб олиш ҳақидаги;
- мол-мулкка етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги;
- ишга тиклаш ҳақидаги;
- иш ҳақини ундириш тўғрисидаги.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.