Жумладан, тўловга қобилиятсизлик ишларини юритишнинг ягона электрон платформаси ишга туширилади. Ушбу платформа «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги қонунда назарда тутилган маълумотлар мажбурий эълон қилинадиган расмий манба ҳисобланади. Эълонлар шахсий кабинет орқали электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда пуллик асосда жойлаштирилади. Суд бошқарувчилари учун эса ҳар ойлик абонент тўлови жорий этилади.

Шунингдек, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ҳақида хабар бериш, уларни текшириш ва ҳисобга олиш сунъий интеллектга асосланган «Xavfsiz mehnat» электрон тизими орқали амалга оширилади.

Экология соҳасида ҳам янги талаблар белгиланмоқда. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг айрим туманларида кўмир ва бошқа қаттиқ ёқилғида ишлайдиган иссиқхоналар газ, электр энергияси, геотермал ёки қуёш энергиясига ўтиши ёхуд қозонларини тозалаш ва чиқиндиларни онлайн мониторинг қилиш тизимлари билан жиҳозлаши шарт бўлади.

Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида кредит тарихи мавжуд бўлмаган тадбиркорлик субъектларини ҳам баҳолаш имконини берувчи сунъий интеллектга асосланган скоринг моделини жорий этиш режалаштирилган.

Туризм соҳасида гидлар ва гид-таржимонлар Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институтидаги имтиҳон натижаларига кўра муддатсиз малака сертификатини олиш имкониятига эга бўлади.

Пенсия тизимидаги ўзгаришларга кўра, Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали архивлар ҳамда ташкилотлардан олинган иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги электрон маълумотлар асосида пенсиянинг бошқа турига ўтказиш ёки уни қайта ҳисоблаш учун ариза бериш мумкин бўлади. Ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсиялари эса пенсионернинг хоҳишига кўра ижтимоий картага тўланади.

Ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган етим болалар ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга бериладиган тўловлар ҳам ижтимоий картага ўтказилади.

Бундан ташқари, «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида хусусий мактабларга коррекцион синфдаги ҳар бир бола учун ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 11 бараваригача субсидия ажратиш имконияти яратилади.

Ижтимоий ҳимояга оид яна бир янгилик — Ички ишлар вазирлигининг 21 ва 42-сон колониялари қошида маҳкума аёлларнинг уч ёшгача бўлган фарзандлари учун кеча-кундуз фаолият юритадиган «Она ва бола маркази» махсус боғчалари ташкил этилади.

Мазкур ўзгаришлар 2026 йил 1 декабрдан бошлаб босқичма-босқич амалга киритилади.