2026 йил 2 ноябрдаги ЎРҚ–1185-сон қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларда иштирок этиш 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам янги нормалар киритилди. Унга кўра, экстремизм, сепаратизм ёки ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга, фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш мақсадида сақлаш учун жавобгарлик белгиланди.

Шунингдек, экстремистик ва террорчилик ташкилотларининг атрибутлари ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ва сақлаш ҳам ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

Бундай ҳолатлар учун ҳуқуқбузарлик ашёсини мусодара қилган ҳолда фуқароларга БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 100 бараваридан 150 бараваригача жарима солиш ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўллаш назарда тутилган.

Қонун билан «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунга ҳам қўшимчалар киритилди. Унга мувофиқ, Адлия вазирлиги экстремистик ташкилотлар ва материалларнинг электрон реестрини юритади.

Мазкур реестр вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ва барча учун очиқ бўлади. Унга қуйидагилар киритилади:

  • экстремистик фаолиятга алоқадорлиги сабабли фаолияти тўхтатиб турилган ташкилотлар;
  • экстремистик ташкилот деб топилган ташкилотлар;
  • экстремистик материал деб топилган материаллар;
  • бир йил давомида икки ва ундан ортиқ марта экстремистик материаллар жойлаштирилган ва тарқатилган интернет манбалари.

Материал ёки электрон манбани экстремистик деб топиш жараёни ҳам белгиланди. Бунда экстремизмга қарши курашувчи давлат органлари тегишли экспертиза хулосасини илова қилган ҳолда Бош прокуратурага илтимоснома киритади.

Бош прокуратура тақдим этилган ҳужжатларнинг асослилигини текширади. Илтимоснома маъқулланган тақдирда, материал ёки манбани экстремистик деб топиш тўғрисидаги ариза Бош прокурор ёки унинг ўринбосари томонидан Олий судга киритилади. Якуний қарор суд томонидан қабул қилинади.

Шунингдек, қонунчиликдаги «диний экстремизм» атамаси «экстремизм» сўзи билан алмаштирилди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.