Ушбу босқич доирасида 1 197 та кам таъминланган оилага қуёш панеллари бепул ўрнатилади. Янги босқич Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Бухоро вилоятларини қамраб олади. Оилалар рўйхати “Темир дафтар” реэстри асосида ҳудудлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда шакллантирилади.

“Бугун юртимизда аҳолини ишончли ва барқарор электр энергияси билан таъминлаш билан бир қаторда, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Ёрқин хонадон” лойиҳаси эса бу икки муҳим вазифани уйғунлаштиргани билан аҳамиятли. У эҳтиёжманд оилалар ва ижтимоий соҳа объектларга қуёш энергиясидан фойдаланиш имконини бериб, уларнинг электр энергияси харажатларини камайтиришга хизмат қилади”,

— деди Ўзбекистон Энергетика вазири Шерзод Ходжаев.

Лойиҳа доирасида ҳозирга қадар Сурхондарё, Бухоро, Тошкент, Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида 1 580 та оила ҳамда 334 та ижтимоий соҳа объекти — мактаб, мактабгача таълим ташкилоти ва қишлоқ врачлик пунктлари қуёш панеллари билан таъминланган.

“Қайта тикланувчи энергия манбалари — барқарор келажакнинг муҳим асосларидан бири. “Ёрқин хонадон” лойиҳаси доирасида ишончли ва самарадорлиги юқори бўлган қуёш панелларидан фойдаланилмоқда. Бу ташаббус эҳтиёжманд оилалар ва ижтимоий объектларнинг электр энергияси харажатларини камайтириш билан бирга, уларга ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергиясини тармоққа сотиш орқали қўшимча даромад олиш имконини ҳам беради”, — деди “Аcwа” компаниясининг Ўзбекистондаги бош директори Жон Заидий.

Якуний босқич билан бирга “Ёрқин хонадон” лойиҳаси 3 100 дан ортиқ оила ва ижтимоий соҳа объектини қамраб олади. Лойиҳа эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларнинг энергия харажатларини камайтириш ва мамлакатда “яшил” энергетикани ривожлантиришга хизмат қилади.

Маълумот учун: “Аcwа” компанияси Ўзбекистонда 2019-йилдан буён фаолият юритади, мамлакат энергетика тармоғидаги асосий инвестор саналади ва унинг узоқ муддатли устувор ривожланишини қўллаб-қувватлайди. Ҳозирда Ўзбекистон “Аcwа” учун инвестициялар ҳажми бўйича Саудия Арабистонидан кейин иккинчи бозорга айланган. Компания мамлакатда умумий қуввати 13,9 ГВт ва умумий инвестициялар ҳажми 16,5 млрд АҚШ долларига тенг 19 та лойиҳани амалга оширмоқда, улар шамол ва қуёш энергетикасини, энергия сақлаш тизимларини, анъанавий генерация ва яшил водород йўналишларини қамраб олади.